Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институтида “Оилавий ҳуқуқий муносабатларда гендер тенглиги” мавзусида илмий-амалий анжуман ташкил этилди.
"Маҳалла ва оила" илмий-тадқиқот институти директори, педагогика фанлари доктори, профессор Нодира Эгамбердиева ва бошқалар мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги тенг ҳуқуқлиликни таъминлаш масалалари доимий эътиборда эканини таъкидлади.
Конференцияда жамоатчиликни оиладаги гендер тенглик бўйича олиб борилган илмий тадқиқотлар натижалари билан таништириш, ёш авлод ўртасида гендер қадриятларни тарғиб қилиш ва уларни амалий ҳаракатга айлантириш, оилавий ҳуқуқий масалалар бўйича тажриба алмашишга асосий эътибор қаратилди. Таъкидлаш жоизки, мазкур институт олимлари аёллар, оилалар манфаатини таъминлашга оид бир қатор илмий-маърифий лойиҳалар устида изланиш олиб бормоқда. Бу лойиҳалар оилалардаги ажримларнинг олдини олиш, гендер тенглигини таъминлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Конференцияда 100 га яқин профессор-ўқитувчи, тадқиқотчи, докторант, магистрант, университет талабалари, маҳалла ва оила соҳасида фаолият юритувчи мутахассислар ўз илмий мақола, маъруза ва тадқиқотлари билан фаол қатнашди. Анжуман бир неча шўъбада иш олиб борди.
Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашнинг устувор йўналишлари ҳамда имкониятлар маданиятини ривожлантириш йўллари, ҳуқуқий муносабатларда гендер тамойилларни жорий этиш истиқболлари шўъбаларининг фаолияти, айниқса, самарали бўлди.
Ялпи мажлисда долзарб муаммолар аниқланди ва оилавий ҳуқуқий муносабатларда гендер тенглиги ғояларини янада кенгроқ амалга ошириш бўйича амалий тавсиялар берилди. Тавсиялар умумийлаштирилиб, конференция материаллари бир ой муддатда нашр қилинади ва ҳудудларга етказилади.
Н.Усмонова, ЎзА