Бухоро вилоят божхона бошқармаси ташаббуси билан “Қадриятлар бешиги – муқаддас оила” деб номланган маънавий-маърифий тадбир уюштирилди.
Божхона бошқармаси бошлиғи Б. Муратов ўз сўзида оиланинг жамият ҳаётидаги ўрни беқиёс эканини, соғлом ва барқарор жамият аввало соғлом оиладан бошланишини таъкидлади. У фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулияти, оиладаги маънавий муҳит, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, миллий қадриятларни асраб-авайлаш, урф-одат ва анъаналарни ёш авлод онгига сингдириш бугунги кунда ҳар бир ота-она, ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи эканини қайд этди.
Кўрик-танлов шаклида ташкил этилган тадбирда божхона органларида хизмат қилаётган 4 нафар ходим ўз оила аъзолари билан иштирок этиб, оилавий ҳамжиҳатлик, ўзаро меҳр-муҳаббат, Ватанга садоқат, миллий анъаналарга ҳурмат, ота-онага эҳтиром, фарзандларга масъулиятли муносабат каби юксак инсоний фазилатларни амалда намоён этди. Тадбир давомида иштирокчи оилалар турли шартлар орқали ўз билимлари, ижодий салоҳияти, оилавий бирдамлиги ва маънавий қиёфасини намоён қилиш имкониятига эга бўлди.
Қизиқарли савол-жавоблар, миллий руҳдаги саҳна кўринишлари, бадиий чиқишлар, шеърий ва мусиқий ижролар, маънавий мазмундаги композициялар ҳамда жонли эстафета баҳсларига бой бўлган тадбир барча иштирокчилар ва меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Айниқса, миллий анъаналар, урф-одатлар ва қадриятлар акс этган саҳнавий чиқишлар тадбирга алоҳида мазмун ва маънавий руҳ бағишлади.
Вилоят ҳокими ўринбосари Ҳафиза Артикова маънавий-маърифий тадбирларнинг жамият тараққиётидаги аҳамиятини алоҳида таъкидлаб ўтди.
– Бугунги кунда оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ёш авлодни миллий қадриятлар, маънавий тарбия, ватанпарварлик ва фидойилик руҳида тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади, –дейди вилоят ҳокими ўринбосари Ҳафиза Артикова. –Оиладаги соғлом муҳит жамият барқарорлигининг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади. Фарзанд тарбиясидаги ҳар бир тўғри қадам келажак авлод тақдирига қўшилган улкан ҳиссадир. Бундай маънавий-маърифий тадбирлар жамиятда маънавий муҳитни юксалтириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ва аҳоли онгида маърифатли ҳаёт тарзини қарор топтиришга хизмат қилади.
Тадбир якунида иштирокчи оилалар турли номинациялар бўйича тақдирланиб, фахрий ёрлиқлар, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
[gallery-27770]
Тадбирнинг энг таъсирли ва рамзий қисми – иштирокчи оилалар фарзандлари билан биргаликда “меҳр кўчатлари”ни ўтқазиш маросими ташкил этилди. Кўчат экиш орқали мустаҳкам оила, соғлом тарбия, маънавий баркамол авлод ва фаровон келажак сари интилиш ғояси рамзий маънода ифода этилди.
Мазкур тадбир нафақат маънавий-маърифий аҳамиятга эга бўлган анжуман, балки жамиятда оила институтини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни тарғиб қилиш, хизматчилар ва уларнинг оилалари ўртасида ижтимоий ҳамжиҳатликни кучайтириш, маънавий муҳитни юксалтиришга қаратилган муҳим ижтимоий ташаббус сифатида катта аҳамият касб этди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари