English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оила мустаҳкамлигига барчамиз масъулмиз
10:52 / 2023-12-27

Оилага, ёшларнинг никоҳига эътибор қаратган жамиятда доимо соғлом муҳит ҳукм суради, тинч-тотув оилада файз, барака бўлади. Шунинг учун мамлакатимизда ҳам оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ажримларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Олиб борилаётган чора-тадбирлар, тарғибот ташвиқот ишларига қарамасдан оилавий ажримлар сони негадир камаймаяпти. Хўш, нега ажримлар, оилада низоли ҳолатлар вужудга келмоқда?, оилалар мустаҳкамлигини ошириш учун нималар қилиш керак?  Шу ва шу каби саволларга жавоб олиш учун Ўзбекистон психологлар ассоциацияси Бухоро вилояти ҳудудий бўлими раҳбари Насиба Баротова билан суҳбатлашдик.  

–Бундай ҳолатларнинг оқибатлари ўрганилганда оилаларнинг ажралиб кетишига моддий етишмовчилик, учинчи шахс аралашуви, бефарзандлик, жуфти ҳалолига хиёнат, узоқ вақт бирга яшамаслик, ўзаро бир-бирини тушунмаслик сабаб бўлаётгани ойдинлашади, – дейди психолог Насиба Баротова.  – Қолаверса ажралиш ҳолатлари оилалардаги келишмовчиликлар, ўзаро муҳаббатнинг йўқлиги, феъл-атворнинг тўғри келмаслиги, эр ёки хотиннинг касаллиги, йигитларнинг ичкиликбозлик, гиёҳвандликка берилиши натижасида ҳам келиб чиқмоқда.  

Икки, уч болали ота ва оналарнинг “Характеримиз тўғри келмади” деган важ-баҳона билан ажрашиш ҳақида қарор қабул қилаётгани, вояга етмаган фарзандларининг келгусидаги тақдирини ўйлаб ҳам кўрмаётгани, ҳаётнинг кичик бир зарбасига бардош беролмай зиммасидаги юксак масъулиятни унутаётгани жуда ачинарли ҳолат. Ажримларнинг яна бир жиддий сабаби ўткинчи ҳою-ҳаваслар ортидан қарзга ботиб қолиш ҳисобланади.  

Никоҳ ажримларининг сабаблари ўрганилганда аксарият ҳолларда бунга биринчи навбатда келин-куёвларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги сабаб бўлмоқда. Оила психологиясида никоҳ қурувчиларнинг никоҳ қуриш омиллари ва шартлари масаласи муҳим ҳисобланади. Оила қураётган ёшлар ҳар томонлама етук бўлиши шарт. Шахснинг психологик етуклиги унинг турли ҳаётий вазиятлар ва шароитларни ҳушёр баҳолаб олишида намоён бўлади. Ёшларда кузатиладиган психологик етуклик шахснинг бошқаларга нисбатан бўлган ижобий муносабатлари ҳамдардлик, ҳамфикрлилик, ўзаро ёрдам кабилар тарзида намоён бўла оладиган маънавий сифатларини ҳам билдиради. Ёшлар оила қураётганларида бу хусусиятлар ҳал қилувчи бўлиб ҳисобланади.  

Психологик ва ҳаётий кузатувлардан кўринадики, никоҳга кирувчиларнинг 20 ёшдан кичикроқ бўлиши уларда ҳаётий тажриба 20-24 ёшдагиларга қараганда камлиги, ижтимоий иқтисодий етуклик даражаларининг етарли эмаслиги туфайли оилаларда ажралиш ёки тушунмаслик, оилада турли даражада низоларга олиб келиши мумкин экан.  

Турмуш қуриш, оила тебратиш ва фарзанд тарбияси каби муҳим ишларда диний миллий анъаналаримизга риоя қилиш, оила ва никоҳ борасида давлатимиз чиқарган қонун-қоидаларга қатъий амал қилиш зарур. Афсуски, ҳозирги кунда баъзи кишилар ўзбошимчалик билан юқорида айтилган никоҳ шартлари бажарилишини сўраб-суриштирмай, боз устига, ёшларга оилада эр ва хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларини, талоқ масалаларини тушунтирмасдан, келин-куёвларга насиҳат қилмасдан, енгил-елпи шаърий никоҳ ўқимоқда. Улар пойдевори мустаҳкам бўлмаган оилалар қурилишига сабабчи бўлмоқда. Оқибатда ажримлар кўпаймоқда, болалар тирик етим қолиб, ёшгина аёллар бир умрга бахтсиз бўлмоқда.  

Оиланинг тотувлиги бир кишига ёки бир сабабга боғлиқ эмас. Бунинг учун ҳамма келин-куёв ҳам, ота-оналар ҳам, оила ташқарисидагилар ҳам, кенг жамоатчилик ҳам баравар жон куйдириши керак. Халқимиз болажон ва оилавий қадриятларни ҳурмат қилади. Икки ёшнинг бошини қовуштириб, бир оилани барпо қилиш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун ота-оналар, ёши улуғлар кўпдан кўп маслаҳат ва саъй-ҳаракатлар қилишади. Бироқ, ёш эр-хотин ўртасидаги арзимас гап-сўзлар ва асоссиз важлар  туфайли гулдек  оиланинг барбод бўлиши, фарзандларнинг етим қолиши ачинарли ҳол. Шунинг учун ота-оналар, тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари, оила ва хотин-қизлар бўлимлари бу масалага ҳамиша масъулият билан ёндашсалар муқаддас оила қўрғонига ҳеч қачон дарз кетмайди.    

Суҳбатни ЎзА мухбири Зариф Комилов ёзиб олди.