Нурафшон шаҳрида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан Тошкент вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда “Оқила аёллар” ҳаракатининг ўрни” мавзусида форум ўтказилди.
Унда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раҳбарияти ва масъуллари, Республика “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, ҳамкор вазирлик ва идоралар вакиллари, “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, оилавий тадбиркор аёллар қатнашди. Иштирокчилар томонидан оила қадриятини янада мустаҳкамлаш, унга таҳдид солаётган турли салбий ҳолатларнинг олдини олиш, фарзанд тарбиясида ота-она масъулиятини ошириш каби мавзуларга алоҳида эътибор қаратилди.

Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова “Оқила аёллар” ҳаракатининг оилалар ва маҳаллаларда ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёш оилалар, низоли оилалар билан манзилли ишлашда маҳалла институтининг яқин ҳамкорлиги ва эришилган натижалар ҳақида маълумот берди.
Ҳозирда мазкур ҳаракат аъзолари 200 минг нафарга яқинлашган. Ўтган қисқа вақт ичида улар ўзларининг бой ҳаётий ва амалий тажрибалари асосида юртимиздаги минглаб оилалар мустаҳкамланишига, ижтимоий-маънавий муҳит барқарор бўлишига, соғлом оилалар шаклланишига, оилаларда миллий ва умуминсоний қадриятлар тикланишига катта ҳисса қўшмоқда.

Маҳаллаларда барқарор ижтимоий муҳитга масъул бўлган “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссия”ларининг 113 мингдан зиёд аъзолари, 3 минг 700 нафардан ортиқ отинойилар, 200 мингга яқин “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, 150 мингга яқин Хотин-қизлар тарғибот гуруҳлари, 100 минг нафардан ортиқ “Кўчабошилар” бугунги кунда Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг таянч кучига айланган.

– Бугунги форумда ўзимизга жуда зарур тавсия ва маслаҳатларни олдик, – дейди Қуйи Чирчиқ туманида яшовчи 64 ёшли Дилбар Раҳматова. – Масъулларимизга ўз ташаббус ва таклифларимизни бердик. Оддий тол дарахти новдаларидан турли саватлар тўқиш, аёллар учун либослар, сумкалар тикиш билан 40 йилдан бери шуғулланаман. Тайёрлаётган маҳсулотларимизга ички бозорда харидорлар жуда кўп. Ўғилларим ва келинларимни шу касб билан банд қилганман. Топаётган даромадимиз ҳам яхши бўляпти. Йил сайин бозор талабларига мос янги турдаги саватларни тайёрлашга ҳаракат қиляпмиз. Бошқа ҳудудлардан келиб фаолиятимизни ўрганаётган шогирдларим ҳам бор.

Форум давомида мутахассислар томонидан мавзуларга оид фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Шу асосда якуний тавсиялар ишлаб чиқиладиган бўлди. Жумладан, қизлар тарбиясига қаратилган тадбирларни ташкил этиш, “Соғлом оила – соғлом жамият” ғояларини тарғиб этиш, экологик маданиятни юксалтириш, хотин-қизлар бандлиги ва тадбиркорлигига кўмаклашиш каби йўналишлар доимий назоратда бўлиши лозимлиги айтилди.

“Оқила аёллар” Форумининг яна бир жуда муҳим аҳамияти шунда бўлдики, унда “Оқила аёллар” ҳаракати аъзоларининг Мурожаатномаси ўқиб эшиттирилди.
Тадбир доирасида ҳунарманд аёллар ишлаб чиқарган турли маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди.
А.Мусаев, ЎзА.