Кармана туманидаги Янгиобод маҳалласида Навоий вилоят суди ҳамда Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди судьялари, туман Оила ва хотин-қизлар бўлими, маҳалла хотин-қизлар фаоллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Янгиобод, Уйрот, Айрончи маҳаллаларидан ажрим ёқасига келиб қолган 10 га яқин оила вакиллари билан суҳбатлашилди.
– Даставвал уларнинг жаҳлга эрк бериб, фақат ўзининг тинчини ўйлаган ҳолда оиласи, фарзандлари ҳам кўзига кўринмай қолган эр-хотинларнинг оиласига интилиш ҳиссиётини уйғотиш мақсадида “Фарзанд омонат” видео ролиги намойиш этилди, – дейди Навоий вилоят суди судьяси Ибодат Шоймардонова. – Мақсадимиз битта – ажралиш ёқасига келиб қолган оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш йўли билан жамиятимиз ривожланишига ҳисса қўшиш. Шунингдек, болаларни тирик етимлик тамғасидан сақлаш, ўз ота-онаси билан бирга, битта уйда яшаш, улар меҳрини, парваришини, тарбиясини тўлақонли ҳис этиб, мукаммал инсон бўлиб вояга етишини таъминлаш улкан масъулият эканлиги таъкидланди.
Видеоролик намойишидан сўнг гуруҳ аъзолари иккига бўлинган ҳолда ҳар бир эр-хотин жуфтлиги билан алоҳида-алоҳида суҳбат ўтказилиб, уларнинг дарди ва муаммолари бирма-бир эшитилди.
Учрашув сўнггида 2 та оила ярашган бўлса, 5 та оила ўйлаб кўриши учун вақт кераклигини маълум қилди. Афсуски, 2 та оила ажрашиш учун қилган қарорлари қатъий эканлигини билдирди.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири