Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оила – муқаддас қўрғон
18:01 / 2023-08-22

Оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса жамият шу қадар фаровон ва барқарор бўлади. Жамият, оила ва шахс бир-бирисиз мукаммал, бахтиёр бўла олмаслиги ҳаётий ҳақиқат. Шу маънода оиланинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш, мустаҳкамлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Андижон вилоятида ҳам оилалардаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек,  вилоятда жорий йилнинг биринчи ярмида 2 минг 854 ажрим қайд этилган. Туман, шаҳар оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиялари, жамоатчилик тузилмалари томонидан олиб борилган ишлар натижасида ажрим ёқасига келиб қолган 2 минг 565 та оила яраштирилган. Шунингдек, шаърий никоҳ асосида яшаб келаётган 724 та оиланинг никоҳи қонуний расмийлаштирилган.  

Вилоятдаги барча туман ва шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари қошида Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари ташкил этилган. Марказларда оила қураётган ёшлар алоҳида дастур асосида ўқитилмоқда. Бундан ташқари, ўқув жараёнида ФҲДЁ ходимлари, шифокорлар, психологлар, имом ва отинойилар, кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган отахон ва онахонлар иштирокидаги машғулотлар ташкил этилиб, оиланинг муқаддаслиги, оилавий қадриятлар, муносабатлар, репродуктив саломатлик, оилага тайёргарлик, оила психологияси, оиланинг ҳуқуқий асослари, оилада фарзанд тарбияси, келин-куёвнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида кенг маълумотлар берилмоқда. Бу борадаги ишлар айниқса, Андижон шаҳри ва Марҳамат туманида намунали йўлга қўйилган. 

[gallery-13214]

Йилнинг биринчи ярмида вилоят бўйича ФҲДЁларга оила қуриш учун ариза топширган 5 минг 104 нафар никоҳланувчи ўқитилиб, уларга сертификатлар топширилди.  

– Вилоятдаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳузурида фаолият юритаётган “Ота-оналар университети”, “Бувижонлар мактаби”, “Қайноналар мактаби”, “Оилавий қадриятлдарни мустаҳкамлаш комиссияси” сингари жамоатчилик тузилмалари томонидан никоҳланувчи ёшлар, шунингдек, ота-оналарининг ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ва тиббий билимларини ошириш бўйича кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари, турли тадбирлар мунтазам ўтказиб борилмоқда, – дейди Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Гулнорахон Абдуллаева. – Натижада жорий йилнинг биринчи ярмида ажралиш ёқасида турган 2 минг 691 оиланинг 2 минг 565 таси яраштирилди.  

Вилоятда эрта туғуруқлар қайд этилганлиги ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширишни тақазо этади. Шу боис, қизлар иштирокида эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш бўйича “Оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

Барча туман ва шаҳарларда эрта туғуруқ ва унинг салбий оқибатларини олдини олиш бўйича “Эрта турмуш – келтирар ташвиш”, “Қизингиз турмушга тайёрми?”, “Оила – муқаддас қўрғон”, “Никоҳ ёши - 18”, “Оила қонунчилигига риоя этиш - мустаҳкам оила гарови” каби мавзуларда маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, “Ибратли оила” танловлари ўтказилди.  

Оилавий ажримларнинг олдини олиш борасидаги маҳаллаларда олиб борилаётган ишларни янада жонлантириш мақсадида вилоятдаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларининг Хотин-қизлар фаоллари Маҳалла фуқаролар йиғини ходимларининг маласакасини ошириш институтида “Оила психологияси” йўналиши бўйича белгиланган дастур асосида ўқитилди.  

Шунингдек, Андижон вилояти ҳокими раислигида май ойида ўтказилган селектор йиғилишида “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш” бўйича белгиланган топшириқлардан келиб чиқиб вилоятда ҳафтанинг ҳар жумаси “Ёш никоҳланувчилар куни” деб белгиланган. Шу куни туман, шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари иштирокида оилаларни мустаҳкамлаш бўйича учрашувлар, мулоқотлар ўтказилиши йўлга қўйилган. Бундан ташқари, ҳафтанинг шанба куни маҳаллаларда “Аҳил оила куни” деб эълон қилинган. Шу куни ёш оилалар билан намунали оила соҳиб ва соҳибаларининг учрашувлари, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.  

Андижон вилоятида оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта-туғуруқларнинг олдини олиш, нотинч оила фарзандлари ва уларнинг ота-оналари билан тизимли ишлаш борасида  “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Унда белгиланган барча ишлар, чора-тадбирлар режа асосида олиб борилмоқда. Хусусан, маҳалдлаларда оилаларни мустаҳкамлаш мақсадида “Энг намунали оила”, “Энг яхши қайнона-келин”, “Билимдон оила”, “Китобхон оила” танловлари ўтказилди.  

Бир сўз билан айтганда, Андижон вилоятида оилаларни мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу албатта, ўзининг ижобий самараларини беради.  

 

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,  

Зухриддин УМРЗОҚОВ (фото),  

ЎзА