Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оила давлат ҳимоясида
18:14 / 2023-08-30

Бугунги кунда юртимизда оилаларда ажримларнинг олдини олиш ва ажралиш ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Навоий вилоятида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий маиший муаммоларни бартараф қилиш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш борасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар юзасидан “Йўл харитаси” тузилган.  

Мазкур “Йўл харитаси”нинг ижросини таъминлаш мақсадида 2023 йил 25 июлда Навоий вилоят суди ҳамда вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланган. Шунингдек, оилавий ажримлар, уларни камайтириш бўйича қилинган ишлар ҳар бир туман (шаҳар) кесимида таҳлил этилиб, оилавий низоларни барвақт аниқлаш, уларни яраштириш чораларини кўриш ва оилавий низоларни судгача ҳал этиш механизми жорий этилмоқда.  

Аммо оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилишига қарамасдан бир қатор муаммолар борлиги киши дилини хира қилади.  

– Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида никоҳдан ажратиш бўйича аризаларни қаноатлантириш кўрсаткичи республика миқёсида 62,8 фоизни ташкил этган бир вақтда вилоятда ушбу кўрсаткич 71,4 фоизни ташкил қилмоқда, – дейди Навоий вилоят суди раиси ўринбосари Ихтиёр Қосимов. – Ҳисобот даврида 1151 никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар кўрилган бўлиб, бу кўрсатгич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 239 тага ёки 20,7 фоизга ошган. Судлар томонидан кўрилган ишларнинг 650 таси қаноатлантирилган, 260 таси рад қилинган, 74 таси кўрмасдан қолдирилган ва 167 таси иш юритувдан тугатилган. Бугунги кунда Навоий вилоят судининг судьялари томонидан барча маҳаллаларда сайёр қабуллар, очиқ мулоқот ва учрашувлар ўтказилиб, уларда никоҳ шартномасининг оилаларни мустаҳкамлашдаги ўрни, эр-хотиннинг никоҳда бўлган даврда ёки ажрашган тақдирда мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари, оила ва никоҳ муносабатларидаги низолар юзасидан тушунтиришлар берилмоқда.  

Учрашувларда йиғилганларга Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан суратга олинган “Фарзанд омонат”, “Ота” номли тарбиявий аҳамиятга эга қисқа метражли фильмлар намойиш қилиб борилмоқда. 

А.Бўриев, ЎзА.