Бош қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясида оилага алоҳида (XIV боб. Оила, болалар ва ёшлар) боб ажратилгани мамлакатимизда оила масаласига давлат сиёсатининг устувор вазифаси сифатида қаралишидан далолат беради. Жаҳонда Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан фарқли ўлароқ кўплаб давлатлар ўз конституцияларида оила масаласига қисман ўрин ажратган бўлса-да, унга алоҳида боб ажратилиши бугунги кунгача халқаро ҳуқуқий тажрибаларда кузатилмаган. Мазкур ёндашувнинг ўзи Конституциямиз (76-модда)да оилага “жамиятнинг асосий бўғини” статуси ҳамда “жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқи” бежиз берилмаганини кўрсатади.
Оила масаласида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яна бир ўзига хос жиҳати – унда оилавий муносабатлар, яъни ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатларда ҳар икки томон манфаат ва мажбуриятлари инобатга олинганидир. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасида “Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” дейилса, 80-моддасида “Вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” дейилади.
Конституциямизда ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатларда ҳар икки томоннинг манфаат ва мажбуриятларига бежиз тенг равишда эътибор қаратилмаган. Чунки, бундан қарийб йигирма етти аср олдин яшаган юнон олими Платон (м.а. 428–347) ҳам ўзининг “Қонунлар” асарида мазкур муаммога эътибор қаратган ҳолда “офат, бало фақат ярим бўлса, – масалан, қачонки ота ёмон эмас, ўғил эса ёмон ёки аксинча бўлса, – у ҳолда катта бахтсизликлар рўй бермайди”, дея, оилавий муносабатларда “бутун балo, офат” яъни ҳар икки томон ҳам ўз мажбуриятларини тенг равишда бажармаслиги ўта хавфли эканига урғу беради.
Юқорида айтилганидек, мазкур масала Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77- ва 80-моддаларида ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатларда ҳар икки томоннинг манфаат ва мажбуриятларига тенг равишда эътибор қаратилганлик орқали ўз ечимини топган. Ушбу ёндашувнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси моддаларида акс этиши Конституция қабул қилинган санадан бошлаб ота-она ва фарзандлар ўртасидаги мажбуриятлар ахлоқий нормалар доирасидан чиқиб, конституциявий мажбуриятга айланганидан далолат беради. Бу ҳолат муҳтож ва меҳнатга лаёқатсиз ота-оналарга ғамхўрлик қилмагaни учун фарзандлардан алимент ундириш ва айни вақтда фарзандлар ҳам (вояга етгунларига қадар) ота-оналаридан алимент олиш учун судга даъво аризаси билан мурожаат этишлари мумкинлигини билдиради.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XIV боби мазмуни янада кенгайтирилган ҳолда “Оила, болалар ва ёшлар” дея номлангaни диққатга сазовордир.
Мазкур бобда эндиликда 76-80-моддалар орқали оилавий муносабатларга қўшимча равишда:
“Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади. Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратади” (76-модда);
“Давлат ва жамият етим болаларни ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқишни, тарбиялашни, уларнинг таълим олишини, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини таъминлайди, шу мақсадда хайрия фаолиятини рағбатлантиради” (77-модда);
“Фарзандлар ота-оналарининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир” (78-модда);
“Давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади” (78-модда);
“Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради. Давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади” (78-модда) мазмунлари киритилди.
Албатта, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси оилани жамият ва давлат муҳофазасига олган камёб конституцияларнинг бири ҳисобланади. Буни оилага “жамиятнинг асосий бўғини” статуси, “жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқи” берилганида, оилавий муносабатларда ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг ижтимоий адолати таъминлангани ва бошқа кўплаб имкониятлар берилганида кўриш мумкин.
Ижтимоий ҳаёт изчил ва тўхтовсиз ривожланишда давом этaди. Мазкур жараёнда ҳар бир миллат ўз тараққиёти асосларини сақлаши, уларни янги даврда пайдо бўлаётган муаммо ва таҳдидлардан муҳофаза қилиши табиий жараён бўлиб, мамлакат Конституциясининг янгиланиши, яъни унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳам ушбу жараённинг бир қисми ҳисобланади.
Давлатжон Маматқулов,
Жамоат хавфсизлиги университети
доценти, фалсафа фанлари доктори (DSc).