Соҳил футболи бўйича Ўзбекистон чемпионатида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг “Oil-Star” жамоаси Қашқадарёнинг “Кasbi” жамоасини (6:3 ҳисобида) мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритди.
Бу “Oil-Star” жамоасининг учинчи соврини, бунгача улар 2021 йилда Ўзбекистон чемпионатида кумуш ва соҳил футболи бўйича Ўзбекистон кубогини қўлга киритган эди.
Қашқадарё вилояти “Геолог” ихтисослаштирилган майдонида вилоятлар жамоалари ўртасида соҳил футболи бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Мусобақада вилоятлардаги турли корхона ва ташкилотлар вакилларидан иборат еттита жамоа қатнашди.
–Жамоамиз учун Бухоро вилояти таркибида ўйнаш катта шараф бўлди, –дейди “Oil-Star” жамоаси бош мураббийи Фузулий Хайруллаев. – Ушбу турдаги мусобақада футболчиларимиз яхши жисмоний тайёргарлик ва тўпни назорат қилиш қобилиятини намойиш этди. Натижада “Oil-Star” терма жамоаси турнир олтин медали ва “Ўзбекистон чемпиони” мақомини қўлга киритди.
7-тур матчидан сўнг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда “Oil-Star” жамоаси бош мураббийи Фузулий Хайруллаев “Энг яхши мураббий”, Обид Мухаммедов эса “Энг фахрий футболчи” деб эътироф этилди.
Зариф Комилов, ЎзА