Оҳангарон шаҳрида Президент таълим муассасалари агентлиги ҳузурида ташкил этилган ихтисослаштирилган мактаб фойдаланишга топширилди.
Унда Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги вакиллари, шаҳар ҳокимлиги масъуллари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари ва ота-оналар қатнашди.
Таъкидланганидек, бу каби замонавий таълим масканлари вилоятда ҳам кўпайиб, ёшларнинг сифатли билим олишига хизмат қилади. Президентимизнинг 2022 йил 14 апрелдаги “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида” ги фармонига мувофиқ Тошкент вилоятида 13 та таълим ташкилотларини Президент таълим муассасалари Агентлиги тизимида ихтисослаштириш белгиланди.
Оҳангарон шаҳар қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Жаҳонгир Баҳодировнинг маълум қилишича, Халқ таълими вазирлиги буюртмачилигида қурилган 220 ўринли уч қаватли мазкур ўқув биноси қурилишига 19 миллиард сўм маблағ сарфланган. Бу ерда 150 ўринли ётоқхона, барча шароитларга эга спорт заллари, ошхона ва дарс тайёрлаш хоналари барпо этилган. Ҳар бир синф хонаси замон талаблари асосида жиҳозланган.
Янги ташкил этилган ихтисослаштирилган мактабларга 2022/2023-ўқув йили учун ҳужжатлар қабули 1 июндан – 30 июнга қадар онлайн шаклда амалга оширилди. Унга кўра, аниқ фанлар йўналишига 5-11-синфларга, табиий фанлар йўналишига 7-11-синфларга жами 144 нафар ўқувчи қабул қилинди.
Тадбир қатнашчилари ёшларнинг ўқишларига муваффақият тилади. Келгусида уларнинг юқори натижаларга эришишдан умидлар катта экани айтиб ўтилди. Шундан сўнг меҳмонлар мазкур таълим даргоҳида яратилган шароитлар билан танишди. Президентимиз фармонига кўра, Ангрен, Янгийўл, Бекобод шаҳарлари, Бекобод, Бўка, Оққўрғон, Қуйи Чирчиқ, Чиноз, Зангиота, Бўстонлиқ, Паркент ҳамда Ўрта Чирчиқ туманларида ҳам замонавий таълим талаблари асосида янги мактаблар иш бошлайди.
А.Мусаев,ЎзА.