Фанлар академияси Миллий археология маркази академиги Аҳмадали Асқаров илмий раҳбарлигидаги бир гуруҳ археолог олимлар томонидан Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги Тункат ёдгорлигида жорий йилнинг ёз ойларидан буён қазишма ишлари олиб борилмоқда.
Дастлаб қазишма ишлари 12Х12 ўлчамдаги майдонда амалга оширилди. Кейинчалик очилган иншоот ўрни деворларга мос равишда кенгайтириб борилди.
Тадқиқотлар давомида ўрта асрларга оид 10 дан ортиқ хоналар, 200 дан зиёд сирланган ва сирланмаган сопол бўлаклари, 20 га яқин тангалар, 10 га яқин чироқлар, кўплаб шиша идиш парчалари, металл буюмлар ва эритилган металл шлак (тошқол) қолдиқлари топилди. Бундай идишлар ва бошқа моддий ашёлар олимлар томонидан IX-XI асрлар билан даврлаштирилган. Бу даврда Тункат ҳудудлари Сомонийлар ва Қорахонийлар сулоласи томонидан бошқарилган.
Тангалар орасида VII-VIII асрларга оид Чоч тангаларидан тортиб, XI аср бошларидаги Қорахонийлар сулоласининг ҳукмронлик даврига оидларини ҳам учратиш мумкин. Чоч тангаларининг айримларида ҳукмдор билан ёнма-ён малика (хватун, хотун) нинг ҳам қиёфасини учратиш мумкин.
Тангалар VII-VIII асрларда яшаган аждодларимизнинг антропологик қиёфасини тасаввур қилишимиз билан биргаликда, маъмурий соҳада аёл кишининг мавқеи сезиларли даражада бўлганини кўрсатади. Бу эса юртимизда азалдан аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқли бўлганини англашимизга ёрдам беради. Қолган тангалар орасида сомонийлар вакилларидан Яҳё ибн Аҳмад, Наср ибн Аҳмад, қорахонийлардан Наср ибн Али ва бошқа ҳукмдорларнинг номи акс этган тангаларни топиш мумкин.
Қазишма давомида кўплаб хоналардан мажмуавий қилиб қурилган иншоотга асосий кириш эшиги шарқий томонда эканлиги аниқланди. Эшикдан зиналар орқали йўлакга ўтилиб, хоналарга кирилган. Бино қурилишида асосан хом ғишт ва пахсадан кенг фойдаланилган. Аҳён-аҳёнда у ёки бу мақсадда фойдаланилган Сомонийлар даврининг пишган ғиштларини ҳам кузатиш мумкин.
Хоналарнинг кўпчилигида тўрт томон деворининг ғиштлари тўрт хил услубда терилган. Бунда ғиштлар хонага ўзига хос безак берганлигини кўришимиз мумкин. Бундай қурилиш услуби бошқа хоналарда ҳам кузатилади ва қадим тункатликлар учун анъана шаклида бўлганини англатади.
Ҳозирги вақтда Тункатда археологик тадқиқотлар давом эттирилмоқда.
Н.Раҳмонова, ЎзА