Президентимизнинг 2022 йил 28 июндаги “Мис ва ноёб металлар хом ашёсини қайта ишлашнинг технологик занжирларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан Оҳангарон туманида мис ва ноёб металларни қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқаришга қаратилган “Ohangaron Tech Industrial” технопарки ташкил этилмоқда.
Асосий мақсад эса ҳудудда мис хом ашёсини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, уларга боғлиқ бўлган саноат тармоқларида ишлаб чиқаришни кенгайтиришдир. Технопарк барпо этилиши натижасида дастлабки босқичда умумий қиймати 191,3 миллион доллар бўлган 10 та лойиҳа амалга оширилиб, 1870 та янги иш ўринлари яратилади. Технопарк ҳудудида ҳозирги кунда иккита корхона қурилиш ишлари бошланган. Хусусан, “Ahangaran Copper Foil” МЧЖ нинг лойиҳа қиймати 50 миллион долларга тенг бўлиб, 4 босқичдан иборат. Корхона ўз иш фаолиятини бошлаши натижасида 350 та янги иш ўрни яратилади. 1-босқичда дунё брендларига кирган Sneider компанияси билан ҳамкорликда электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Кейинги босқичларига келиб эса давлатимизда биринчилардан бўлиб, мис фольгасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Айни пайтда корхона томонидан Германия, Корея ва Хитой каби давлатлардан замонавий ускуналар олиб келинмоқда. Бундан ташқари, “Vades Group” корхонаси ҳам идентификация учун мўлжалланган микропроцессор модуллари, мобиль қурилма SIM картаси, транспорт, ижтимоий ва халқаро валюта тўлови карталари ишлаб чиқаришни йўлга қўяди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 5 миллион доллар бўлиб, уни амалга ошириш натижасида 95 нафар аҳоли янги иш ўрни билан таъминланади. Ҳозирги кунда мазкур корхонага Корея ва Хитой давлатларидан “Kodak”, “Genius” ва “Colamark” бренди остидаги ускуналар сотиб олинмоқда. Қарорга кўра, технопарк ҳудудида экология ва меҳнатни муҳофаза қилиш стандартларига жавоб берадиган, энергия самарадор ҳамда “яшил” технологияларни қўллаш асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган эди. Шу асосида дастлабки саъй-ҳаракатлар бошланган.
А.Мусаев, ЎзА