“Ангрен” эркин иқтисодий зонасининг Оҳангарон тумани “Ангрен-1” блокида Хитойнинг “Hua Tao Cermic Group” хорижий корхонаси томонидан керамик плиткалар ва уларни ишлаб чиқариш учун хом ашё ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги завод қурилиши бошланди.
Тантанали тадбирда туман ҳокими Абдурасул Абдуллаев, корхона раҳбарияти ва масъуллари, маҳалла фаоллари ва соҳа мутахассислари иштирок этди. Туман ҳокими сўзга чиқиб, Оҳангарон туманида амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари, аҳоли фаровонлигини ошириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида сўзлаб, ҳозир ҳудудда умумий қиймати 2 миллиард долларга тенг бўлган 75 та лойиҳа амалга оширилаётганини таъкидлади.
Мазкур лойиҳалар туфайли туман саноати ривожланиши, иқтисодий ва экспорт кўрсаткичлари ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ ишлар яхшиланаётгани айтиб ўтилди. Шундан сўнг янги қурилаётган завод атрофида кўчат ўтқазиш акцияси бўлиб ўтди ва манзарали дарахтлардан иборат боғ ташкил этилди. Сўнгра, тадбирнинг асосий қисми, яъни завод пойдеворига тамал тоши қўйилди.
Мазкур лойиҳа 2023-2025-йилларда Хитой Халқ Республикасининг “Zibo Brosilk New Material Technology Partnership” компанияси ҳамда хитойлик инвестор Jia Xiaohu томонидан киритилаётган 30 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ҳисобига 3 босқичда амалга оширилиши режалаштирилган. Хусусан, биринчи босқичда 2024 йил охирига бориб, йилига қуввати 6 миллион квадрат метр керамик плиткалар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.
Иккинчи ва учинчи босқичларда эса плиталар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси тўлиқ ўзлаштирилади. Бу орқали корхонанинг ўзида фритта, глазурь, принтерлар учун бўёқлар ҳамда металл қолиплар (пресс-форма) ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Корхонанинг тўлиқ ишга туширилиши натижасида 350 та янги иш ўрни яратилади. 2026 йилга бориб, корхонада 360 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва шундан 11 миллион долларлик қисми экспортга йўналтирилиши белгиланган. Шунингдек, маҳаллий давлат бюджетига 3 миллиард сўмлик солиқ тушумлари бўлади. Ишлаб чиқарилган юқори сифатли маҳсулотлар ички бозор ва экспортга “Made in Uzbekistan” тамғаси остида етказиб берилади.
А.Мусаев, ЎзА.