English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оҳалик, Оқбўйро, Миронқул туристик маскан бўлади
15:38 / 2024-02-21

Қарор ва ижро

Давлатимиз раҳбарининг шу йилнинг 6 февралдаги қарорига кўра, Самарқанд туманида умумий майдони 4656 гектар бўлган “Оҳалик – Оқбўйро – Миронқул” туристик-рекреацион зонаси ташкил этилди. Туристик зонани ривожлантириш ва бошқариш мақсадида туман ҳокимлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида “Оҳалик - Оқбўйро – Миронқул” туристик-рекреацион зонаси дирекцияси фаолияти йўлга қўйилди.

– Мазкур туристик зонани ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад –вилоятимизнинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланган ҳолда туризмнинг эко ҳамда экстремал турларини ривожлантириш учун зарур шарт-шароит яратиш, замонавий талаблар асосида экологик тез қуриладиган жойлаштириш воситалари, савдо-кўнгилочар ва бошқа туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш, шунингдек, тоғли ҳудудда янги иш ўринлари очиш ҳисобланади, – дейди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов. – Бу мақсад учун айнан ушбу маҳаллалар танланиши бежиз эмас. Чунки тоғли ҳудудда жойлашган бу ҳудудлар гўзал табиати, мусаффо ҳавоси билан бошқа жойлардан ажралиб туради. Ёзда салқин бўлгани боис аввалдан бу ерда бир нечта болалар оромгоҳлари қурилган. Қишлоқлардан оқиб ўтадиган сой бўйида, аҳоли томонидан дам олиш масканлари ташкил этилган. Кейинги йилларда тадбиркорлик субъектлари ҳам бир қатор шундай иншоотлар ташкил этди. Аммо шу пайтгача ҳудудда аниқ бир йўналиш бўйича сайёҳликни ривожлантириш учун дастур ёки йўл харитаси йўқ эди. Энди эса бундай имконият яратилди. 

Қарорга кўра, ҳудудда умумий майдони 1697 гектар бўлган “Оҳалик”, 414 гектардан иборат “Оқбўйро” ҳамда 2545 гектарда “Миронқул” тоғ туризми лойиҳалари амалга оширилади. 2024-2025 йилларда ташкил этиладиган туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларини қуриш учун маҳаллий ва хорижий инвесторлар жалб этилади. Зона ҳудудида замонавий савдо, хизмат кўрсатиш объектлари (ресторанлар, кўнгилочар марказлар ва бошқалар) фаолияти ташкил қилинади, маданият ва санъат муассасалари фаолияти қўллаб-қувватланади. 

2025-2026-йилларда туристик-рекреацион зона ва унга олиб борувчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникатсия ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш учун республика бюджетидан 31 миллиард 81 миллион сўм, маҳаллий бюджетдан эса 8 миллиард 900 миллион сўм сарфланиши режалаштирилган.

Шунингдек, йўл инфратузилмасини қайта қуриш, жорий ва мукаммал таъмирлашга вилоят маҳаллий бюджетидан 14 миллиард 700 миллион млн сўм йўналтирилади. Бундан ташқари, республика бюджети маблағлари ҳисобидан электр энергияси тармоқларини қуриш ва таъмирлаш, ичимлик суви ва оқова тармоқларини қуриш, қайта қуриш ва модернизация қилиш ҳамда аҳолини узлуксиз сифатли ичимлик сув билан таъминлаш ишлари бажарилади. “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси эса ахборот коммуникация-технологияларини ривожлантиришга 97,4 миллион сўм сарфлаши белгиланган. 

Қарорда бир ой муддатда “Оҳалик – Оқбўйро – Миронқул” туристик рекрацион зонаси фаолиятини ташкил этиш, жорий йилнинг 1 августига қадар зонанинг мастер режасини ишлаб чиқиш ва талаб этиладиган ер майдонлари тоифасини ўзгартириш бўйича таклифларни ҳукумат комиссиясига киритиш, зона ҳудудида ички ишлар бошқармасининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлимини ташкил этиш ва бошқа вазифалар бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Айни пайтда бу борада ишлар олиб борилмоқда.

– Қарорда белгиланган вазифалар, чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш масаласи ўтган ҳафта вилоят ҳокими раҳбарлигида муҳокама қилинди, – дейди “Оҳалик – Оқбўйро – Миронқул” туристик-рекреацион зонаси дирекцияси раҳбари вазифасини бажарувчи Жўрабек Суюнов. –Вилоят ва туман билан боғлиқ масалаларга масъуллар белгиланди. Аслида, чора-тадбирлар дастурида барча вазифалар аниқ муддати ва масъули билан кўрсатилган, гап уларнинг ижросини таъминлашда. Йиғилишда Самарқанд тумани ҳокимлиги томонидан айрим лойиҳалар таклифлари тақдимот қилинди. Умуман, ҳозир жами 73 миллион долларлик бирламчи 130 та лойиҳа мавжуд. Бундан ташқари, ҳудудда шу пайтгача амалга оширилаётган лойиҳалар бор, уларни реновация қилиш кўзда тутилган.

Мисол учун, узунлиги 6 километр бўлган 3 та тўхташ станциясидан иборат осма дор (канат) йўли ташкил этиш лойиҳаси таклиф этилмоқда. 110 минг саёҳни қабул қилиш имкониятига эга модулли меҳмонхоналар, кемпинглар, экоуйлар, дам олиш масканлари, эко боғ ва чўмилиш ҳавзалари ташкил этишга оид 40 та лойиҳа ишлаб чиқилган. 

Айни пайтда маҳаллаларда хатлов жараёнлари кетмоқда. Ҳудудда 15 мингга яқин аҳоли яшайди, 6000 турар жой бор. Бундан ташқари, сервис ва хизмат кўрсатиш объектлари мавжуд. Ҳар бир хонадон, ҳар бир қурилма хатловдан ўтказилиб, маълумотлар жамланмоқда. 1 майга қадар Оҳалик, Оқбўйро ва Миронқулда жами 4656 ер майдони белгиланган тартибда дирекция ҳисобига ўтказилиши керак.

Шунингдек, инфратузилма ўрганиляпти, қаерда қайси вазифани бажариш кераклиги белгилаб олинмоқда. Ой якунида зона мастер режасини ишлаб чиқиш учун ишчи гуруҳ келади, унгача асосий маълумотлар тўпланиши зарур.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири