Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оҳалик аҳолисининг хазинаси
13:34 / 2026-01-29

Самарқанд тумани мамлакатимиздаги паррандачилик тармоғи жадал ривожланган ҳудудларидан бири саналади. Бугунги кунда тумандаги 18 та фермер хўжалиги ва паррандачилик корхонаси мазкур фаолият билан шуғулланади.

Улар томонидан ўтган йил 370 миллион дона тухум, 10 минг 450 тонна парранда гўшти тайёрланган. Бу йил туманда паррандачилик соҳасида яна иккита йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш орқали тухум ва парранда гўшти ишлаб чиқариш ҳажмини 1,2 фоизга ошириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, туман аҳолиси ҳам ўз хонадонида паррандачилик билан шуғулланиб, бундан мўмай даромад олмоқда. Бир қатор маҳаллалар ушбу фаолиятга ихтисослашган. Жумладан, Оҳалик маҳалласида беданачилик  асосий драйверлардан бири ҳисобланади. 4 мингга яқин аҳоли яшайдиган 800 дан ортиқ хонадоннинг 197 таси бедана боқиш билан шуғулланади.  

Маҳалланинг Тадбиркорлар кўчасида яшовчи Сухроб Боймуродов бедана боқиб, ойига 10 миллион сўмдан ортиқ даромад қилмоқда.

– 2022 йилда маҳалла масъулларининг таклифи билан 30 миллион имтиёзли кредит олиб, бедана жўжаларини олиб келган эдим, – дейди Сухроб Боймуродов. – Уларни парваришлаб тухум етиштиришни бошладик. Ҳозир 5000 дона беданамиз бор ва улардан кунига 4200 тагача тухум оламиз. Бедананинг кунлик озуқаси учун харажатимиз 1 миллион сўмдан ошади, лекин даромадимиз шу харажатдан ортиб 250-300 минг сўмни ташкил қилади. Агар ер ажратилса, фаолиятимни кенгайтириб, алоҳида беданачилик хўжалигини ташкил қилган бўлардим. Ҳар қандай ишнинг машаққати бўлгани каби бедана боқиш ҳам осон эмас, лекин ишни тўғри йўлга қўйиб олсангиз, уйда туриб доимий даромадга эга бўласиз. Муҳими, иштиёқ бўлса кифоя.

Дастлаб маҳалла аҳолиси мустақил равишда бу фаолиятни бошлаган бўлса, кейинчалик ушбу ишга қўл урган оилаларга лидер тадбиркор томонидан амалий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилди.  

Бунда биринчи ойда лидер тадбиркор томонидан хонадонда бедана боқиш учун шарт-шароит яратилиб, зарур ускуналар билан таъминланади ва 5000 дона бедана берилади. Беданани боқиш, вакцинация ва антибиотик бериш жараёнлари ўргатилади. Бедана тухуми сотиб олинади. Маълум вақтдан кейин беданани лидер тадбиркор гўшт учун олиб, унинг ўрнига тухум берадиган бедана етказиб беради. Хонадон эгаси бу фаолияти ортидан ҳар ойда 15-16 миллион сўмгача соф фойда кўради.

Шунингдек, маҳаллада гўшт ва тухум йўналишида товуқ боқиб, етти хазинанинг бири ҳисобланган бу тармоқдан яхшигина даромад қилаётган оилалар талайгина. Масалан, 15 йилдан буён ушбу фаолият билан шуғулланадиган Шуҳрат Раҳматов шу орқали рўзғор тебратади, фарзандларини олий таълим муассасаларида ўқитмоқда.  

– Қимирлаган қир ошар, деган мақол бежизга айтилмаган, – дейди Шуҳрат Раҳматов. – Бугун хонадонида томорқа ери бўлатуриб, иш йўқ, деб ўтириш уят. Бор имкониятдан фойдаланиш ўрнига бировнинг қўлига қараб ўтирадиган замон эмас ҳозир. Сарсон бўлиб иш қидириб юргандан кўра, мўъжазгина томорқамда товуқхона қуриб, тадбиркорлик қилишни афзал билганман. Бу танловим энг тўғри қарор бўлганлиги унинг натижасида кўринмоқда. Айни пайтда 200 та товуғимиз бор. Кунига 150 дона тухум оламиз. Кунлар бироз исигач, гўшт йўналишида ҳам товуқ боқишни бошлаймиз. Меҳнат қилган роҳатини кўради. Ҳеч кимдан кам жойимиз йўқ.  Фарзандларим ҳам иш билан банд, ўзлари пул топиб ўқияпти, касб-ҳунарли бўляпти.  

[gallery-27357]

Халқимиз паррандани етти хазинанинг бири дейди. Тўғри, меҳнати бироз машаққатли бўлиши мумкин. Лекин астойдил ҳаракат қилган одам учун парранда ростакамига ҳам етти хазинанинг бирига айланишини Оҳалик маҳалласи аҳолиси ўз ҳаётида, турмуш тарзида ҳис қилмоқда.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари