Хоразмда минг йиллар давомида нафақат миллий давлатчилик, балки кўп миллатли жамият ҳам яхши шаклланган. Бугун вилоятда 30 дан зиёд турли миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидай аҳил-иноқ яшаб, Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
“Оғзибирчилик бор жойда манзиллар обод бўлаверади!” деган гап бор. Урганч туманидаги “Туркманлар” маҳалласини ҳам ана шундай манзиллардан бири десак, муболаға бўлмайди. Маҳалладаги “Улли ҳовли” тарихий мажмуасида "Дўстлик ва ҳамжиҳатлик улуғланган юрт" шиори остида ўтказилган байрам тадбирида вилоятда истиқомат қилиб келаётган турли миллат вакилларининг аҳиллиги, ҳамжиҳатлиги яна бир бор намоён бўлди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш билан бошланган тадбирлар миллий маданий марказлар вакиллари, санъат усталари ижросидаги куй-қўшиқлар билан давом этди. Халқ ҳунармандчилиги буюмлари, миллий либослар, баҳор таомлари, суратлар ва китоб кўргазмалари, миллий спорт ўйинлари тадбир қатнашчиларига байрамона кайфият бағишлади. Дошқозонларда сумалак ва бошқа миллий таомлар тайёрланди.
[gallery-22593]
– Жонажон диёримиз Хоразмда тўрт мингдан ортиқ корейслар ўзбек, туркман, тожик, рус, қозоқ ва бошқа миллат вакиллари бир оила бўлиб яшамоқда, – деди Корейс миллий маданий маркази раҳбари Антонина Ким. – Байрам барчага ўзгача хурсандчилик бағишламоқда. Тадбирга бошқа эллар ва миллат вакиллари қаторида корейс миллий маданий маркази аъзолари ҳам қизғин тайёргарлик кўриб келган. Ижтимоий адолат, қонун устувор, миллат ва элатларнинг маданий, тил ва диний қадриятлари, анъана ва урф-одатлари ҳурмат қилинаётган юртга мана шундай байрамлар ярашади.
“Улли ҳовли”нинг кенг ҳовлисида ташкил этилган байрам дастурига турли миллат вакиллари, меҳнат фахрийлари, ёшлар таклиф қилинди. Тадбирда вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов йиғилганларни байрам билан қутлади.
Кўтаринки руҳ ва шоду хуррамликда ўтган "Дўстлик ва ҳамжиҳатлик улуғланган юрт" байрам тадбирида мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, миллатлараро дўстлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик энг катта бойлигимиз эканлиги таъкидланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(Сурат),
ЎзА мухбирлари