Маълумки, республикамизда 15 ноябрдан 15 декабрга қадар “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги”, деб эълон қилинди.
Мазкур ойлик доирасида ҳудудларда ёнғин, газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши ҳамда ис гази заҳарланишидан сақланиш билан боғлиқ техноген ҳодисаларнинг олдини олиш, аҳолининг ёнғин хавфсизлигига оид билимларини мустаҳкамлаш, бу борада аҳоли ўртасида профилактик тадбирларни амалга ошириш юзасидан учрашув, давра суҳбати ҳамда ўқув машғулотлари, таълим муассасаларида “Фуқаро муҳофазаси” кунлари бўлиб ўтмоқда.
Юртимизда ёнғинлар, газ-ҳаво аралашмаси билан боғлиқ чақнаш каби ҳодисалар, кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилаётган ушбу тадбирларда мутасадди ташкилотлар томонидан фуқароларга қиш мавсумида давлат стандартидан ўтган, яроқли иситиш мосламаларидан фойдаланиш, ис газидан заҳарланишдан сақланиш билан боғлиқ хавфсизлик қоидаларига амал қилиш тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилиб, зарур кўрсатма ҳамда тавсиялар бериб келинмоқда.
Ташкилот ва муассасаларда ёнғин-қутқарув отрядларининг ёнғин ўчириш техникалари, асбоб-анжомларининг кўргазмаси ташкил қилиниб, уларнинг ишлаш принциплари тушунтирилмоқда.
Ҳар бир фуқаро кундалик турмушда, хизмат фаолиятида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиши зарур. Акс ҳолда ўзимиз ва яқинларимиз ҳаётини хавф остига қўйишимиз мумкин. Шу сабабли ҳам барчамиз мутахассислар томонидан берилган тавсия ҳамда кўрсатмаларга амал қилайлик. Зеро, огоҳлик тинч ва осойишта ҳаётимиз кафолатидир.
Даврон Роҳаталиев,
Майор, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви
академияси ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш бўлинмаси бошлиғи.