Тарих тақдирлардан иборат. Улуғ мутафаккирлар қисматида муайян макон, замон ва касб муҳим ўрин тутади.
У 1809 йилнинг 17 декабрида Хива яқинидаги Қиёт қишлоғида маърифатли ва бадавлат мироб оиласида дунёга келади. Отадан эрта етим қолиб, амакиси, замонанинг етук шоири, хоннинг бош мироби Мунис Авазбий ўғли Хоразмий қўлида тарбия топади.
Сабру қаноати туфайли элда азиз, ишга фидоийлик, ватан равнақи учун жонини фидо этишга бел боғлаган Огаҳийнинг мироблик даври (1829-1857) Хоразмда кўпгина янги каналлар қазилиб, сув иншоотлари қурилгани, воҳанинг суғориш истиқболлари борасидаги муаммоларнинг оқилона ҳал бўлиши унинг номи билан боғлиқдир.
Улуғ шоир отдан йиқилиб оёғи жиддий лат егач, миробликдан истеъфога чиқади ва назм, тарих битиш, таржимонлик билан машғул бўлади. У 1874 йилнинг декабр ойида олтмиш беш ёшида вафот этади ва ўзи туғилган Қиёт қишлоғидаги “Мавлон бобо” қабристонига, амакиси Мунис қабрига ёнма-ён дафн қилинади.
Шермуҳаммад Мунис Хоразмийнинг отаси Авазбий 1800 йилда вафот этгач, хон 22 яшар Шермуҳаммадни саройга таклиф қилади, уни қазув, қачув, (сув хўжалиги) ишлари бўйича котиб, 1812 йилда амакиси Эрниёзбек мироб ўлиб, хон Мунисни мамлакатни бош мироби қилиб тайинлайди.
Мунис ўз давридаги суғориш иншоотлари ва ер-сув муносабатларига доир “Арналар” (арна-анҳор, канал) номли рисола ҳам ёзган. Бу рисола 18-аср охири ва 19-аср бошларидаги деҳқончилик билан боғлиқ, ижтимоий муносабатларни ўрганишда аҳамиятли. Ўттиз йилдан ортиқ ижод қилган адибнинг ота-боболаридан мерос бўлиб келаётган сулолавий касб мироблик ҳақида “Арналар” номли рисоласи биз учун ниҳоятда қимматлидир. Ушбу китоб туфайли биз воҳада сувчилик касби, деҳқончилик тарихи, сув учун бўлган урушлар тарихи билан боғлиқ ижтимоий сиёсий воқеалардан хабардор бўламиз. Асар Хива хонлиги ҳудудида яшовчи ўзбеклар, туркманлар, қозоқ ва қорақалпоқ халқлари тарихини акс эттириши билан ҳам аҳамиятлидир.
Ўлкамиз тарихини ўрганиш баробарида жуда катта адабий меросимизни ҳам ўзи билан олиб кетган Ҳерман Вамбери 1863 йили Хоразмга келганида Огаҳий билан танишгани ҳақида “Ўрта Осиёга саёҳат” асарида шундай ёзади: “Мен Хивада икки оға-ини билан танишдим. Бири Мунис — аъло поэмалар ёзган. Иккинчиси — мироб Огаҳийдир”, - дея таъкидлайди. Бунинг ўзиёқ, ўша давр тузуми ва тизимида ҳар иккала сиймонинг рутбаси, роли катта бўлганини билдиради. Чунки Хива хонлигида мироблик лавозими энг нуфузли мансаб ҳисобланган.
Иқтидорли журналист ва тадқиқотчи олим Умид Бекмуҳаммад шу хусусда маълумот бера туриб, сунъий суғоришга асосланган воҳа шароитида давлатнинг нафақат деҳқончилиги ва иқтисоди, балки ҳаёт-мамоти ҳам сувга, миробга боғлиқ бўлганини таъкидлайди. Унинг келтиришича, Муниснинг бобоси Жиянбий 1694 йилда хонликнинг бош мироби қилиб тайинланган. Унинг мироблик пайтида воҳадаги суғориш тизимлари тўғри йўлга қўйилиб, янги ариқ, ёплар қазилган.
Жиянбийнинг Эрниёзбий ва Авазбий исмли икки ўғли бўлиб, вафотидан сўнг Авазбий мироб, Эрниёзбек бош мироб бўлди. Авазбий олти йил фаолият кўрсатиб, 1800 йили вафот қилгач, Шермуҳаммад Хива хонлигининг қазув-қачув(сув хўжалиги) бўйича сарой фармоннавис котиби этиб тайинланди. Эрниёзбек 1812 йили ҳаётдан кўз юмгач, Шермуҳаммад Мунис Хоразмнинг бош мироби этиб тасдиқланди. У аждодлари ишини давом эттириб, ҳар йили ариқ-арналар, ёпларни тозалаш, янги сув йўллари қазиш ишларига бош-қош бўларди.
Муниснинг суғориш, сув илмига бағишланган “Арналар” асари сув хўжалигига боғлиқ муаммоларни англаш ва ҳис этишда муҳим бадиий қўлланма сифатида аҳамиятлидир. Огаҳий ҳам Мунис вафотидан сўнг мироблик ва бадиий ижодни баб-баравар олиб борди. Сув хўжалигига дахлдор бирон муаммо бўлса, уни сўз ва ақл-идрок ила ҳал этиш завқи уни бир зум бўлса-да тарк этмади.
Хоразмнинг ерлари шўрангиз, уч-тўрт марталаб кеч куздан эрта баҳоргача шўри ювилмагунча ҳосил олиш қийин бўлган. Ерларга дарёдан арна (анҳор)га, ундан ёплар орқали далага сув чиқаришнинг ўзи бўлмаган. Бундай ғоятда масъул ишларга эса мироблар бошчилик қилган. Хонликдаги мироблик ишлари, умуман сув муаммосини бартараф этиш эса бош мироб Огаҳийнинг зиммасидаги юксак вазифа эди. Табиийки, бош мироблик вазифасига ишбилармон, ер ҳолатини, сув йўлларини яхши биладиган, мудомо дала-сув йўлларида юришга лаёқатли, соғлом инсон тайинланган дея маълумот келтиради Умид Бекмуҳаммад. Сунъий суғоришга мўлжалланган арна, ёпларни қаздириш, ҳар йили куз ва эрта баҳорда Амударёнинг лойқа сувидан каналларни тубига ўрнашиб қолган чўкиндиларни тозалатиш ундан-да катта машаққат, наинки экин майдонларини, балки хонлик ҳудудини дарё тошқинидан сақлашга ҳаракат қилиш бош миробнинг зиммасида эди.
Хоразмда дагиш дея дарёнинг тошқинидан содир бўладиган ўпирилиш, катта офат назарда тутилган. Баъзида жўшқин Жайҳун дарё қирғоғини тагидан ўпириб, 30-40 метрлаб жойини ютиб кетади. Натижада атиги бир лаҳзагина олдин экилиб турган ер бўтанага айланади, ҳудудни сув босади. Айнан ана шундай ўпирилиш-тошқинларнинг олдини олиш учун дарё қирғоғини дамбалар кўтариб (бу Хоразмчасига “қочи” дейилади) мустаҳкамлаш қадимдан ўта масъулиятли вазифа бўлиб, бу ишга бош мироб бошчилик қилган. Дамбаларни кўтарганда назорат қаттиқ бўлиб, тупроққа бирорта чўп-ўтин аралашмаслигига эътибор қаратилган. Чунки, сичқон инидай тирқишдан не бир қочиларнинг ўпирилиб кетиши фожиани-сув тошқинини келтириб чиқарган. Дамбалар дарё қирғоғи бўйлаб, бир неча қаторлаб, миробларнинг аниқ ҳисоб-китоблари асосида олиб борилган. Дамбанинг пастдан юқоригача кенглиги 15-18 метр, усти бўлса 8 метргача, дарё сатҳидан 3-4 метр баланд қурилган. Дамба кўтариш, арна, ёпларни қазишга хонликдаги барча эркаклар жалб этилган.
Экспертларнинг хулосаларига кўра, 2025 йилга бориб, 5 миллиард киши сув танқислигига дучор бўлади. 2050 йилга келиб ер юзи аҳолиси 9 миллиардга етиши башорат қилинмоқда. Ичимлик суви захираларининг камайиши ва ифлосланиши, экин майдонларининг шўрланиши, сув исрофгарчилиги давом этмоқда. Тугаб бораётган сув захиралари ҳам борлигидан кўз юма олмаймиз. Буларнинг барчаси “Сувдек сероб бўл” деган дуонинг моҳиятини, “Сувга тупурма, ахлат ташлама, қудуққа тош тўкма, ювиндини ариққа оқизма”, “Дарё бўйида ўтирсанг ҳам сувни исроф қилма“ деган ўгитларнинг хосиятини билмаганимиздан эмасмикан. Сувга масъуллик Огаҳий каби огоҳликка чорловчи мироб ва шоирларнинггина эмас, балки ҳаммамизнинг фуқаролик бурчимиздир.
Тўғри, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 4 майдаги “2017–2021 йилларда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу муаммоларни бартараф этишга қаратилди. Бу борада қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Лекин то ҳануз етарли эмас. Шунингдек, мамлакатимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва канализация объектларини қуриш ҳамда мавжудларини реконструкция қилиш ишлари учун Молия вазирлиги ҳузурида “Тоза ичимлик суви” жамғармаси ташкил этилгани ҳам эътиборли бўлди. Лекин бу сув тақсимоти борасидаги қусурларимизни бутунлай бартараф этди дейишдан йироқмиз.
Кези келганда айтиш керакки, буюк адибимизнинг ўша замондан туриб бугунни ўйлаб ташвиш тортиши, огоҳликка чақириши унинг маънавияти юксак, башорати буюк эканини билдиради. Шундай экан, унинг номини улуғлаш, қилган эзгу ишларини абадийлаштириш, мироблик бобидаги ҳамда шоир, тарихчи, таржимон сифатидаги фаолиятини теран тадқиқ этиш маънавий фарзимиз, маърифий қарзимиздир. Бу борадаги ҳаракатни янада жонлантириш учун дадил қадамни Президентимиз бошлаб берганига шубҳа йўқ.
Бунга асос Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг жорий йилнинг 20 мартидаги “Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш ҳамда Хива шаҳрида Огаҳий ижод мактабини ташкил этиш тўғрисида“ги 238 - сон қароридир. Қарорда қайд қилинишича, ўзбек мумтоз адабиёти, миллий маданияти, маънавияти ва маърифати тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ шоир, тарихнавис, таржимон, давлат арбоби Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 210 йиллигини кенг нишонлаш ҳамда ижодини тарғиб қилиш, издошларини кашф этиш ва улар ўз истеъдодларини намоён қилишларига шарт-шароит яратиб бериш асосий мақсаддир. Шунга мувофиқ Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш доирасида ўтказиладиган тадбирларни юксак савияда ташкил этиш, белгиланган чора-тадбирлар сифатли амалга оширилишини мувофиқлаштириб бориш, юзага келадиган масалаларни ўз вақтида ҳал этиш вазифалари ташкилий қўмитага юкланди.
Хива шаҳридаги Огаҳий номидаги мажмуа таркибига кирган иншоотларни, жумладан, шоир мақбарасини таъмирлаш ҳамда унга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Шарқ“ нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси билан биргаликда 2019-2021 йилларда Огаҳийнинг асарлар тўпламини нашр этиш, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда “Огаҳий - шоир, тарихнавис, таржимон ва давлат арбоби“ мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этиш, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан биргаликда Огаҳий ижодига бағишланган “Назм ва наво“ кечасини ўтказиш ана шу борадаги хайрли ишлар сифатида қайд этилди.
Айниқса, Хива шаҳрида Огаҳий номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисидаги таклифнинг маъқулланиши нур устига аъло нур бўлди. 2019-2020 ўқув йилида Ижод мактабининг 5, 6, 7 ва 8-синфларига ҳамда 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб 5-синфига 30 нафардан ўқувчи танлов асосида қабул қилиниши дастлабки маърифий ҳаракатнинг бошланишигина бўлиб қолмай, балки мамлакатимизнинг янада тараққий этишига замин ҳозирлай оладиган интеллектуал салоҳиятли ёшларнинг камол топиши сари ташланган дадил ва қутлуғ қадамдир.