Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ОГОҲЛИК: Биз ҳалиям қўрқмаяпмиз
13:31 / 2020-08-27

Ҳатто номини айтишдан чўчиётганим бу хасталик тўрига қандай тушмаслик мумкин?


Ҳатто номини айтишдан чўчиётганим бу хасталик тўрига қандай тушмаслик мумкин?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тан олишича, Covid-19 вируси инсон нафас олаётган ҳаво томчиларидан ҳам юқиши мумкин. Бундай томчининг аэрозоли ҳавода узоқ қолиши мумкинлиги айтилмоқда...

Бу маълумотни келтиришдан мақсадим, бировни хавотир ёки ваҳимага солиш эмас, аксинча, ҳар қандай бойликдан-да қимматбаҳо ва қадрли бўлмиш саломатлигимиз ҳақида жиддий қайғурмасак, эртага кеч қолишимиз мумкинлигидан огоҳ этмоқ, холос. Сабаблар жуда кўп. Айримларини изоҳлашга уринаман.

Қарийб олти ойча карантин туфайли шахсан ўзим деярли ҳеч ёққа чиқолмадим. Пойтахтдаги мавжуд воқелик, аҳволотдан баҳоли қудрат бохабарман. Табиийки, ҳаммёқда вазият кўпам мақтагулик эмас. Президент пандемия шароитида бўлса-да, ҳар ҳафта ўтказилаётган видеоселектор (албатта, видеоконференцалоқа-онлайн тизими асосида) йиғилишларини, энг аввало, 7 миллиардлик бутун дунё аҳлини жиддий ташвишга солаётган коронавирус балосининг Ўзбекистон халқига, жумладан, иқтисодиётимиз ва бошқа соҳаларга қай даражада зиён келтираётгани, тушов бўлаётгани ҳақидаги энг сўнгги маълумот ва хабарлар билан бошлаётгани бежиз эмас. Ва аёнки, бу борада ҳукуматимиз томонидан жойларда олиб борилаётган амалий ишлар, чора-тадбирлар ҳам батафсил таҳлил этиб бориляпти.

Хўш, давлат томонидан машаққатли синов жараёнида биринчи навбатда аҳолининг камбағал, муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бобида амалга оширилаётган хайрли ишлардан мамлакат фуқаролари қай даражада манфаатдор ва миннатдор бўлмоқда? Бу ғоят нозик масала-мавзуга айланганини ҳаммамиз маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари, бугунги глобаллашув даврида энг тезкор ахборот воситасига айланаётган ижтимоий тармоқлар орқали ҳам кузатдик. Баҳс-мунозаралар ҳозир ҳам тўхтагани йўқ. Ҳозир бу ҳақда фикрлашмоқнинг мавриди эмас.

Энг оғриқли ва жиддий муаммо битта: кутилмаган балога қарши кураш кетаётган оғир паллада айрим одамларнинг БЕПАРВОЛИГИ, ЛОҚАЙДЛИГИ, БЕПИСАНДЛИГИ мени бир ижодкор сифатида қаттиқ ташвишга солмоқда.

Барибир рақамлар шафқатсиз: бир кунда 8 бемор вафот этгани, касалликка чалинганлар сони қирқ мингдан ошиб кетгани, минг афсуски, Covid-19 қурбонлари 300 нафарга етиб қолгани камлик қилаяптими бизга? Шунинг ўзи даҳшатли йўқотиш эмасми 34 миллионли Ўзбекистон учун! Умумий ҳисобни кўриб, ўзимизча хотиржамликка берилаётган бўлсак, бу энди катта хатолик аслида. Дунёдан ўтган юртдошларимизни санаб ўтайлик (шахсан менинг таклифим, ўша машъум рўйхатни қанча оғир бўлмасин, барибир эълон қилиш лозим. Сабаби, тупроққа қўйилган ватандошларимизни энди тоифалар, номдор ёхуд таниқли эканига урғу бериб ажратишимиз инсонийликка асло тўғри келмайди), улар орасида ҳатто ўзгалар ҳаётини сақлаб қолиш эвазига жонини қурбон қилган тиббиёт ходимлари ва бошқа соҳа вакиллари борлигини ҳам унутмайлик. Беқиёс қаҳрамонлик намунасини кўрсатган инсонлар хотирасини эъзозлаш ва ортида қолган фарзанду жигаргўшаларига меҳр-мурувват кўрсатмоқлик ҳам жуда катта савоб эканини яна бир карра эслатиб қўймоқ балки шарт эмасдир.

“Kun.uz” сайти германиялик профессор Вернер Бэрнинг қуйидаги хавотирларини чоп этди:

* Ўзбекистонда одамларнинг хатти-ҳаракатларини таҳлил қилсак, улар Германиядагига жуда ўхшаш. Дастлаб одамлар вирус хавфини жиддий қабул қилишди, тартиб-интизомга қатъий риоя этишди. Аммо вақт ўтиши билан фуқаролар бўшашдилар: ораларидаги ижтимоий масофани сақламай, ниқобларни тўғри тақмай қўйишди.

* Мен ҳозир худди шунга ўхшаш вазиятни бу ерда ҳам кузатмоқдаман. Куни кеча меҳмонхона деразасидан шундай ҳолатни кўрдим: фаввора ёнида ёшлар ниқобни тўғри тақмаган ва ижтимоий масофани сақламаган ҳолда дам олишяпти.

* Афсуски, Германияда одамлар тартиб-интизомга риоя қилишни унутган ўша пайтда вируснинг қайд этилиши анча ўсди. Вазиятдан фойдаланиб, юртингиз аҳолисини огоҳликка чақирмоқчиман. Агар орангизда шундай бефарқ одамлар кўпаядиган бўлса, бир-икки ой ичида касалликни янги юқтирганлар сони кескин ортиши мумкин.

Шунинг учун ҳам эҳтиёт чораларига қатъий амал қилиш зарурлигини айтмоқчиман. Вазиятни назорат қилиш одамларнинг ўз қўлида.

Олис Олмониядан келган меҳмонки, биздаги ажабтовур ҳолатни кузатиб шундай хулосага келибдими, хавотирланишга жиддий асослар етарли. Эрта баҳордан бери карантин қоидаларига Махсус комиссия томонидан бир неча марта ўзгартиришлар киритилди, ҳудудлар турли рангларга ажратилди. Лекин аҳоли ўртасидаги аҳвол ўзгардими? Яна ўша, ўзимиз кўравериб кўзимиз пишиб кетган аянчли манзаралар намоён бўлди: 30 кишилик тўй-томошага навбати билан 300 одам келиб-кетди, хусусий телеканалларда қайсидир санъаткор ҳовлисидаги “бепул” концерт ниқобсиз, масофасиз тўғридан-тўғри намойиш қилинди, “25-соат” деган кўрсатувда қонунбузарлар баҳонасида инсон ҳақ-ҳуқуқи, шаънига тўғри келмайдиган лавҳалар кўрсатилди, пандемия баҳонасида ҳаром луқмадан ҳазар қилмайдиган қанчалаб корчалон-раҳбарлар бойиб кетди, айрим маишатпараст, муттаҳам маҳалла оқсоқоллари ўз нафсларини турли йўллар билан қондиришга уринди. Қўйингки, хатолиғ ортидан хатолар урчиди, иймонини ютганлар сафи кенгайди. Карантин талаб-қоидалари сал юмшатилди, дейилиши биланоқ тағин пала-партиш ҳаёт тарзи давом этаверди. Ҳозир, шу кунларда аҳвол ундан баттарроқ десам ишонаверинг. Айниқса, бозорлар, супермаркет ва бошқа аҳоли гавжумлашадиган жойларда назорат унутилиш даражасига тушиб қолди. Энг ёмони, тожсимон вирусга чалиниш, вазиятнинг чигаллашуви, ва ниҳоят, тузалиш билан боғлиқ кунлик ахборотларнинг айрим одамларга қизиғиям қолмади. Бепарволик билан қўл силтаб, ҳеч қандай ҳимоя воситасисиз жамоат жойларида вирус тарқатаётганлар, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, сони мингта. Тўй ва бошқа маросимларга яна гуруҳ-гуруҳ бўлиб бориш авжига чиқяпти. Бу нимадан далолат беради? Албатта, боқибеғамлик, беписандлик, ўзбошимчаликдан-да!

Уч кун бурун Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларига боришимга тўғри келди. Қадим шаҳар кўчаларини кузатдим. Ишонсангиз, ёши каттароқ одамларнинг аксарияти ниқоб таққан, лекин ёшларнинг асосий қисми номига, бурнига илдириб олган, холос. Эрмак деб ўйлаяпти чоғи кўпчилик бу қалтис ҳолатни. “Улуғбек”даги нон бозорига кирдик. Игна ташланг, ерга тушмайди одамнинг кўплигидан. Бепарволик ҳам эви билан-да. Бир маҳал нонсотувчилар шивирлашиб қолишди. Не кўз билан кўрайки, ҳаммаси харидорларни тартибга чақиряпти: “Илтимос, масофа сақланглар! Амакижон, нега маскангиз йўқ, қўрқмайсизми?” Қарасам, икки формали мелиса юрган экан, улар келгунича аҳвол қандай эди-ю, кетганидан кейин не бўлди? Қачонгача бошимизда назоратчилар калтак кўтариб туриши керак? Ўрганиб қолдик-да.

Катта томошани Қашқадарёда кўрдим. Танишлардан бири ўғил уйлантираётган экан. Мен ва ҳамроҳим қалин ниқоб тақволганмиз. Ҳамма бизга қарайди. Деярли саноқли кишиларгина эҳтиёт чорасини кўрган, бошқалар эса бир-бири билан қучоқлашиб, ўпишиб кўришиб ётибди. Ажабсиниб сўрадим тўй соҳибидан: “Оғайнижон, шу тўйчангизга қанча одам айтувдингиз, ҳеч охири кўринмаяпти келувчиларнинг?” У бўлса ширакайф ҳолда кулиб: “Юз кило лазер гуруч обердим ошпазга, катта бир ҳўкиз сўйдик, ҳалиям қишлоққа жамоат айттирмадим, эплаб бўлмайди, соатга бўлиб-бўлиб 30-40 кишидан айттирдим. Нима қилай, менам шуларнинг тўйида еб-ичганман, элга бермасам уят бўлади!”

Мен не дейман, қўбизим на дейди. Бундайларнинг миясида пандемия деган балодан чўчиш, хавотирланиш деган тушунча умуман йўқ. Тасаввур ҳам қилолмайди, ҳатто уйида оддий шамоллашга қарши дори-дармон тополсангиз қойил дейман.

Қўшним ёзғириб қолди яқинда: “Кўряпман статистикани, шу номинг қора бўлгур дард қишлоқларимизни четлаб ўтсин-да. Акси бўлса, Худойим қўш-қўллаб урди деяверинг, ака. Нега дейсизми, чекка жойларда аҳоли дорихонага қадам босмайди. Шаҳарда кўрдик, ҳалиги телвизорда врачлар чиқволиб, фалон дорини ғамлаб қўйинг, уйингиздаги аптечкада ушбу рўйхатдагилар бўлиши шарт. Бўлмаса, аҳволингизга вой деганидан кейин қанақа тўс-тўполон, ур-йиқит бўп кетди аптекаларда. Энди ўша сотиб олинган дориларни зарарли деб чиқишганидан кейин айримлар жинни бўп қолай деди”.

Албатта, яхши муждалар ҳам эшитяпмиз: Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев Ўзбекистон коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилганини кеча маълум қилди. Унинг изоҳ беришича, шу йилнинг 24 август куни Женевада бўлиб ўтган брифингда ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқиш ва тарқатиш бўйича COVAX халқаро механизмига 172 давлат қўшилгани ҳақида хабар берган. ЖССТ ва унинг Европа минтақавий бюросининг фаол аъзоси сифатида Ўзбекистон ҳам ташкилотнинг коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилибди. Айни пайтда ЖССТ портфелида коронавирусга қарши 9 та вакцина мавжуд экани айтилмоқда.

Хулоса қилмоққа шошилмайлик. Муҳими, соғу саломат бўлсаккина, бу дунёнинг қувонч-ташвишлари татийди. Ватанда эса энг улуғ, энг азиз байрам – мустақиллигимизнинг 29 йиллигини нишонлашга тайёргарлик қизияпти. Тўрт мучамиз омон бўлса, бундай шукуҳли байрамлар, тантаналар, тўй-томошалар кўнгилга хуш ёқади. Ҳаммамизга тани сиҳатлик ҳамроҳ бўлсин.

Норқобил ЖАЛИЛ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналис