Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оғитмаликлар қишнинг “совуқ ўйларидан” қутулган
14:22 / 2022-02-10

Бухоро вилояти «Оғитма» овули Ғиждувон тумани «Кўкча» маҳалласига қарашли чўл ҳудудида жойлашган бўлиб, мазкур аҳоли пункти вилоят марказидан 220 км, Ғиждувон туманидан эса 160 км узоқликда жойлашган энг олис, чўл ҳудудларидан бири ҳисобланади. Аҳолининг асосий тирикчилиги чорвачилик, балиқчиликдан иборат.

Бухорода олис, чўл ҳудудида жойлашган манзиллар жуда кўп. Айнан Оғитма, Чўлобод, Кўклам, Канай қишлоқларини ўз ичига олган «Оғитма» овулини ҳам шундай манзиллар қаторига киритса бўлади. Ушбу ҳудудда 77 та хонадон бўлиб, фуқаролари кундалик ҳаётида маиший газ баллонларидан фойдаланиб келади.

– Газ баллонларимиз вақтида етказилади, – дейди 70 ёшли отахон Карим Музанов. – Шунча узоқ бўлишига қарамай ходимлар меҳнатини аямайди. Муомалали, муҳими, газ баллонларимизни ўзлари ўрнатиб ҳам беради.

Овул аҳолисига ҳар ой давомида белгиланган режа-график асосида газ баллонлари «Ғиждувонтумангаз» газ таъминоти бўлими томонидан етказиб берилади. Об-ҳавонинг инжиқликлари ҳамда масофаларнинг узоқлигига қарамай ходимлар ўз вазифаларига масъулият билан ёндашади. Туннинг ярмида «Вобкент» газ тўлдириш шохобчаси орқали тўлдирилган 103 дона маиший газ баллонлари юкланган йўл танламас, махсус КАМАЗ автотранспорти йўлга чиқар экан, кун давомида барчаси ўз эгаларига тарқатилади. Ушбу техникалар ёрдамида қўшимча айланма маиший газ баллонлари йиғиб олиниб, шу заҳотиёқ газ тўлдирилган бошқа газ баллонлари бериб келинмоқда.

Бориш қийин бўлган ҳудуднинг қишлоқлари бир-биридан узоқ масофада жойлашганлигига қарамай, истеъмолчилар ўз вақтида газ баллонларини олмоқда. Айниқса, махсус карталар орқали тўловни амалга ошириб, таъминотдаги бугунги имкониятдан самарали фойдаланаётир.

– Соҳа вакилларининг меҳнат фаолиятига қойил қоламан, – дейди овул фахрийларидан бири Абдумалик ота Базарбаев. – Шунча йўл босиб бизнинг иссиғимиздан хабардор. Овулимиз доимо эътиборларида, барака топишсин.

Қиш қаҳратонларида олис ҳудудда яшовчи оғитмаликларнинг уйини иситиш, овқат пишириш, чой қайнатиш каби шарт-шароитларни яратиш билан боғлиқ муаммолар ўйлантирар эди. Ҳозир бу муаммоларга ечим топилган. Мана неча йилдирки, чорасизлик оғитмаликларни ҳам тарк этган, қишнинг “совуқ ўйларидан” қутулган.

Зариф Комилов, ЎзА