Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўғирлик яна бир жиноятни фош этди
11:59 / 2024-06-13

Бухоро вилояти Вобкент туманида яшовчи 54 ёшли фуқаро Ў.Р ўзига аввалдан таниш бўлган шахснинг салкам 303 миллион сўмлик пул ва тақинчоқларини ўғирлади. Устига-устак, унинг гиёҳвандлиги ҳам ошкор бўлди.

Узоқ йиллар Россия Федерациясида меҳнат муҳожирлигида юриб, рўзғор тебратиб келган Ў.Р. қишлоққа қайтгач, тузук иш бошини тутмади. У Вобкент туманидаги Кулолчи кўчасида айланиб юраркан ҳашаматли уйлар кўплигини кўргач, бу хонадонлар бой ва пулдор одамларга тегишли, дея мулоҳаза қилди.  

У хонадонлар орасида ўзига аввалдан таниш бўлган фуқаро А. Н.нинг ҳам данғиллама ҳовлиси борлигини билгач, у уй эгасининг қачон ишга жўнаши, қачон қайтиши, шунингдек, унинг оиласидагилар ҳам қайси вақтда иш ва ўқишга бориб- келиши тўғрисида тўлиқ маълумот тўплади.

Орадан бир неча кун ўтгач, ўз режасини амалга ошириш пайига тушди. Тўрт томони баланд деворлар билан ўралган ҳовлининг қўшни билан ёндош орқа тарафида бўлган ҳавоза орқали осилиб, пастга тушиш чорасини кўрди. Ўзидан из қолдирмаслик учун оёқ кийимини қўшнининг орқа эшиги олдидаги ўтлар орасига яширади, оёқ ва қўлига пайпоқ кийиб олади. Ҳовлида ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, пул ва бойлик излай бошлади. Дам олиш хонасидаги оғирлиги тахминан 40 килограммгача бўлган темир сейф унинг эътиборини тортди. Қийин уринишлар ва кўп куч сарфлаши эвазига темир сейфни ҳовлининг орқа эшиги олдигача судраб келтирган. Девор ва ёғоч зиналарда қирилган  излар қолган. Орқа эшикдан темир сейфни олиб чиққач, уни 500-600 метрча узоқликда жойлашган ўзининг ҳовлисигача олиб боришга кучи етмаслигини тушуниб, ўз уйига бориб, сейфни кўтара оладиган этак топиб, сейфни елкасида кўтариб келган.  

Оиласидагиларнинг эътиборидан четда бўлган омборхонага сейфни олиб кириб, темир ускуналар ёрдамида қулфини бузишга эришган. Бунинг учун жуда кўп вақт сарфлаган. Охири, сейф ичида бўлган салкам 23 минг АҚШ доллари ҳамда катта миқдордаги тилла тақинчоқларни ўзлаштиришга муваффақ бўлган.  

Фуқаро Ў.Р. жабрланувчига жами салкам 303 миллион сўмлик жуда кўп миқдорда моддий зарар етказган.  

Гумонланувчининг яшаш манзилида тинтув ўтказилганда томорқасида, тандирхонасида, ҳожатхонасида, шунингдек, юқоридаги чордоқда ва кийимларининг чўнтагидан жами 1775,61 грамм оғирликдаги гиёҳвандлик воситалари топилган.  

Ўрганувларга кўра, у кўп миқдордаги “Марихуанна” гиёҳвандлик моддасини қонунга хилоф равишда сақлаб, ундан ўзи доимий равишда истеъмол қилиб келган.  

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг  тегишли моддалари билан айбланган фуқаро Ў. Р.га нисбатан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилди. У тайинланган жазо муддатини умумий тартибли колонияларда ўтайдиган бўлди.

Зариф Комилов,

ЎзА мухбири