Шу кунларда Оҳангарон туманидаги “оғир тоифали” деб топилган маҳаллаларни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ҳамда ҳудудларни ободонлаштиришга қаратилган “Обод маҳалла – обод кўча – обод хонадон” тамойили асосида кенг кўламли комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ушбу саъй-ҳаракатлар доирасида нафақат ижтимоий-иқтисодий, балки маънавий-маърифий ва тарғибот йўналишидаги тадбирларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, аҳолининг ҳуқуқий онги ва сиёсий маданиятини юксалтириш, ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида жойларда очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.


Шу муносабат билан Республика ва вилоят ишчи гуруҳи томонидан Оҳангарон туманининг қўшни Тожикистоннинг Сўғд вилояти Ашт тумани билан чегарадош бўлган Гўшсой маҳалласи аҳолиси билан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари иштирок этиб, Президентимизнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгилаб берилган асосий устувор йўналишлар ва вазифаларнинг мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди.


Учрашув давомида аҳолини қизиқтирган саволлар тингланиб, ислоҳотларнинг амалдаги ижроси, уларнинг маҳалла ҳаётидаги аҳамияти юзасидан атрофлича жавоблар берилди. Шунингдек, Президентимизнинг Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида белгиланган вазифаларнинг туманда ижросини таъминлаш, ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш, хизматни ўтаб келган фуқароларни иш билан таъминлаш, улар учун яратилган имтиёз ва имкониятлар ҳақида ҳам кенг тушунчалар берилди.

Тадбирда Республика ишчи гуруҳи ва Президент Администрацияси вакили сўзга чиқиб, келгуси вазифаларни халқ билан ҳамжиҳатликда ҳал этиш, маҳаллаларни камбағаллик ва ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш, маҳаллаларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш йўлида барча биргаликда ҳаракат қилиши зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, Гўшсой маҳалласида аҳоли турмуш даражасини яхшилаш мақсадида амалга ошириладиган кенг кўламли чора-тадбирлар хусусида тўхталиб ўтилди. Маҳалла аҳолисининг мурожаатлари ва таклифлари тингланиб, уларни ижобий ҳал этиш мақсадида, масъул ташкилот ва идораларга аниқ муддатлар белгилаган ҳолда тегишли вазифалар юклатилди.
А.Мусаев, ЎзА.