Бугунги кунда томорқачилик фаолиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Томорқадан унумли фойдаланиш борасида кўплаб тарғибот-ташвиқот тадбирлари ҳам ташкил қилинмоқда. Ҳатто томорқасини бўш қўйган фуқароларга икки баробар солиқ тўлаши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришлар ҳам айтилмоқда.
Лекин томорқада бирор экин турини етиштириш учун аввало оқова сув зарур. Нормал суғориш имконияти яратилгач, у ёғи хонадон эгасининг ҳаракатига боғлиқ.
Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани ҳам чўл ҳудудлар сирасига киради. Туманнинг айрим маҳаллаларига оқова сув умуман етиб бормаган. Шу боис туман ҳокими Ботир Тоғаев томорқаларда озиқ-овқат экинлари етиштиришни таъминлаш ва уларга оқова сув имкониятларини яхшилашни энг аввало ҳудуддаги оғир тоифадаги маҳаллалардан бошлади.
Туман ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган пресс-тур давомида мана шу оғир маҳаллаларда амалга оширилган ишлар билан танишилди.
Хусусан, тумандаги Кўксой маҳалласи ҳам оғир тоифадаги ҳудудлар сирасига киради. Маҳаллада 1 минг 32 та хонадонда 4 минг 367 нафар аҳоли яшаса, шундан минг нафардан зиёдини 18-30 ёш оралиғидаги ёшлар ташкил қилади. Маҳалла етакчиси Ойбек Шомуродовнинг таъкидлашича, уларнинг орасида ишсиз, миграциядан қайтган ёшлар ҳам талайгина. Шуни ҳисобга олиб, маҳалладан 70 гектар ер деҳқончилик қилиб даромад қилиши учун 140 нафар ёшга ажратилибди. У ерда нафақат Кўксой маҳалласидан, балки қўшни маҳаллалардан ҳам келиб ишлаётган ёшлар мавжуд.
Биз борганда ажратилган ерга туман ҳокими бошчилигида ерёнғоқ экиш ишларига старт берилаётган экан.
Масалан, Тоҳирбек Чоршанбиев айни пайтда 26 ёшда ва у Кимёгар маҳалласидан. Шу кунга қадар ишсиз эди. Ер сўраб туман ҳокимлигига қилган мурожаати ижобий ечим топиб, шу ердан унга ҳам 50 сотих ер ажратилди.
– Бу ерга кўпчилик билан маслаҳатлашган ҳолда ерёнғоқ экишни мақсад қилдик, – дейди Т.Чоршанбиев. – Иккинчи экин сифатида пиёз экишни мўлжаллаяпмиз. Экинларни суғориш учун оқова сув муаммоси ҳам ҳал қилиб берилмоқда. Бундан жуда миннатдормиз. Шу экинларни етиштириб, даромад олиб, ўз фаолиятимни яхшилашни ният қилганман.
Кейинги манзилимиз Ширинобод маҳалласи бўлди. Ушбу маҳаллага шу кунгача бир томчи оқова сув етиб бормаган. Шу боис одамлар томорқасида экин етиштириш тугул бирорта кўчатни ҳам ўстириш имконига эга бўлмаган. Давлатимиз раҳбари яратиб берган имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳаллага янги сув насоси ўрнатилиб берилди. Экин майдонларига сув етиб бориши учун маълум масофага бетон латоклар ҳам ётқизилди.
– “Камбағалликдан фаровонлик сари” тамойили асосида маҳалламизда катта ўзгаришлар бўлмоқда, – дейди Ширинобод маҳалласи раиси Акбар Шойимов. – Неча йиллардан бери аҳолимиз бир томчи сувга зор бўлиб, томорқаларидан яхши фойдалана олмасди. Юртбошимизга раҳмат томорқачиликни сиёсат даражасига кўтарди. Уч миллиард сўмдан ортиқроқ ажратилган маблағ эвазига 1,5 километр латок ўрнатиш, 200 метр металл қувур ётқизиш, битта насос ва трансформатор қуриш, 2 километр асфальт ётқизиш, тўрт километр шағаллаштириш ишлари бажарилди. Халқимиз бундан миннатдор. Энди томорқаларимиз гуллаб-яшнайди.
7 минг 281 нафар аҳоли 1 минг 335 та хўжалик истиқомат қилаётган Ширинобод маҳалласи одамлари жуда аҳил. Ҳукумат томонидан яратиб берилган бу қулайлик ва имкониятларга “лаббай” деб жавоб берган ҳолда насос қурилган жойда ўзлари ташаббус билдириб, 100 киловаттлик қуёш панелларини ҳам ўрнатмоқда. Бу эса келгусида насос учун сарфланган электр энергияси бепул бўлади, деганидир.
Шундан сўнг тумандаги Оқ олтин маҳалласидаги ўзгаришлар билан танишдик. Айтиш жоизки, узоқ йиллар сувсизликдан азият чеккан аҳоли хонадонларига сув келиб, янги ҳаёт кириб келгандек гўё. Ушбу маҳаллага ҳам бюджет маблағлари эвазига насос қурилиб, бетон латокчалар ётқизилиб, оқова сув келтирилди. Бу эса аҳоли томорқаларининг яшилликка бурканишига хизмат қилмоқда.
Оқ олтин маҳалласи Новур ҳудудида 220 хонадон мавжуд бўлиб, 38 гектар томорқа майдони бор.
Шундан 17 гектарида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида картошка экилиб, маҳаллий аҳоли даромадини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсад қилинган.
Шу маҳаллада яшовчи Гулнисо Давлатова анча йиллар тақир чўл каби текислик бўлиб ётган томорқасининг озгина жойига ер парник қилиб эртачи помидор, қолган жойига картошка экди. Узоқ йиллар деҳқончилик қилишни соғинган эканми, вақт топди дегунча томорқасидаги экинлар ишловига киришади. Меҳрни пайқаган помидор кўчатлари ҳам баравж ўсмоқда. Ҳадемай гулга ўтиради улар. Картошкалар эса секин-аста тупроқни кўтариб чиқа бошлаган.
– Илгари томорқамиздан сира фойдалана олмаганмиз, сабаби сув йўқ эди, – дейди Г.Давлатова. – Ҳамма қишлоқ хўжалик маҳсулотларини бозордан сотиб олардик. Сувни келгани қувончимизга қувонч қўшди. Эртачи помидор, картошка экдик. Картошкани йиғиштириб олгач, тўқсонбости экинларини экамиз. Бир четда ҳар хил кўкатлар ҳам кўзни қувонтириб турибди. Ҳарна рўзғорга фойда-да. Томорқангдан узиб олиб еганга нима етсин. Бундан ташқари, турли хил мевали дарахт кўчатларини ҳам қададик.
Бу ўзгариш маҳаллий аҳоли учун катта қулайлик яратиб, санитария ва экологик шароитларни яхшилашга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлмоқда.
Тумандаги оғир тоифага кирувчи Юксалиш маҳалласини ҳам намунали ҳудудга айлантириш йўлида янги қадамлар ташланган.
Маҳалланинг “Ёшлик” кўчаси намунали кўча сифатида танланиб, Олтиариқ тажрибаси асосида суриток (вайиш) тизими йўлга қўйилди ва узум кўчатлари экилди. Ҳозир ток ниҳоллар уйғониб, барг чиқара бошлаган. Бир-икки йилда улар ҳам ҳосилга кира бошлайди. Бу ташаббус нафақат кўчалар кўринишини ободонлаштириш, балки аҳоли даромадини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” тамойили кенг қамровли бўлиб, нафақат аҳоли томорқаларини ривожлантириш, балки эҳтиёжманд аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлаш орқали оёққа туришига кўмаклашишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Жумладан, бу борада тумандаги Навбаҳор маҳалласида яхши ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Нилуфар Тиллаева ёлғиз она. 3 нафар вояга етмаган фарзандни улғайтирмоқда. Ишсизлиги туфайли ҳатто уй-жойини ҳам таъмирлашга қурби етмасди. Топилган озгина маблағ ва болалар нафақаси еб-ичишдан ортмасди. Биттагина каталакдек хонага уч бола билан тиқилиб яшарди.
Туман ҳокимлиги ташаббуси билан унинг уйи кенгайтирилиб, томи ёпиб берилди. Яна битта қўшимча хона, ошхона қуриб берилди. Томорқаси пасайтирилиб, экин экиш учун имконият яратилди. 10 та товуқ, бир бош бузоғи билан сигир ҳам ажратилди. Бундан ташқари, 10 киловаттлик қуёш панеллар ҳам ўрнатилди. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида Нилуфар опанинг хонадонига файз кирди. Кўркам гўшага айланди. Суҳбатлашарканмиз қўлларини дуога очиб шукроналик билдириб, хурсандчилик кўз ёшларини яшира олмайди.
– Бундай эътибор ва ғамхўрликдан бошимиз кўкка етди, – дейди Нилуфар Тиллаева. – Тасаввур қила олмайдиган даражада ўзгаришлар бўлди хонадонимизда. Товуқлар тухум қўймоқда. Сигир сут беряпти. Озуқаларигача олиб беришди. Томорқамизга экин экдик. Турмушимиз анчагина фаровонлашди. Бунинг учун Юртбошимизга қанча ташаккур айтсам кам. Бу ёғига ўзимиз ҳаракат қилиб, оёққа туриб кетамиз насиб этса.
[gallery-22635]
Албатта, бу каби ташаббуслар эҳтиёжманд ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг турмуш шароитини яхшилаш, кундалик даромад манбаини яратиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари