Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Оғир” ҳудудлар ривожи йўлидаги самарали режалар
12:30 / 2026-02-04

Президент топшириғи амалда 

Президентимиз раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишда “оғир” туман ва маҳаллаларда аҳолини иш билан таъминлаш ва даромадини ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. 

Бу борада Тошкент вилоятида ҳам самарали саъй-ҳаракатларни амалга ошириш режалаштирилган. Унга кўра, “оғир” ҳудуд сифатида танлаб олинган Оққўрғон, Қуйи Чирчиқ ва Пискент туманларини ривожлантириш бўйича жорий йил кўплаб вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, жойлардаги саноат зоналарида бўш турган ер майдонларида янги лойиҳалар амалга оширилади. Қишлоқ хўжалигидаги 5 минг 49 гектар ижарага берилган ер майдонларида “Бир контур – бир маҳсулот” тамойилига асосан экспортбоп маҳсулотлар етиштирилади. 

Президентимизнинг 2025 йил 3 февралдаги “Қишлоқ хўжалиги экин майдонлари унумдорлигини ошириш, тармоққа инвестициялар жалб қилиш учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси бўйича янги тизим асосида 1 минг 431 гектар ер майдонлари “онлайн аукцион”да ташаббускор фуқароларга сотилиб, саноатлашган плантация ташкил этиш чоралари кўрилади. 

Хизмат кўрсатиш соҳаларида эса туманлардаги 55 та маҳаллани қамраб олувчи 3 та гавжум кўча, 6 та соҳил ва йўл бўйи лойиҳалари амалга оширилиб, 137 та савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти йўлга қўйилади. Шу билан бирга, 1 минг 251 нафар аҳоли замонавий касбларга ўқитилади. 

Жумладан, Қуйи Чирчиқ тумани мисолида мазкур саъй-ҳаракатлар қуйидагича сарҳисоб қилинган. Ҳозир бу ҳудуднинг 34 та маҳалласида 5 минг 57 нафар камбағал аҳоли ва 2,5 минг ишсиз бор. Бу ҳудудда замонавий бозор, йирик савдо марказлари, парк ва истироҳат боғлари йўқлиги учун аҳоли қўшни туманларга ёки Тошкент шаҳрига қатнашга мажбур. Лекин бу тумандаги маҳаллалар жойлашуви ва ихтисослашувидан келиб чиқиб, ўзига яраша “солиштирма устунликка” эга. 

Мутахассисларнинг кузатувига кўра, бу туман Тошкент шаҳрига туташ ҳудудлиги ва у ердаги салоҳиятли тадбиркорлар билан кооперацияни йўлга қўйиш мумкин. Ҳозирда Қуйи Чирчиқ туманидаги 1,9 минг аҳоли пойтахтдаги корхоналарга қатнаб ишламоқда. Ваҳоланки, Тошкент шаҳридаги тадбиркорлар саноат корхоналарини кўчириш ёки кенгайтириш учун ўзига яқин ҳудуддан жой изламоқда. 

Ушбу тадбиркорларга жой кўрсатиб, зарур инфратузилма ва шароитларни яратиб бериш чоралари кўрилади. Бундан ташқари, Қуйи Чирчиқ туманида балиқчиликка ихтисослашган 5 минг гектарга яқин кўллар мавжуд. Замонавий, интенсив балиқ етиштиришни ўзлаштириш орқали 15 минг тонна балиқ етиштириш мумкин. Бунда балиқчилик соҳасида замонавий йўналишларни ўзлаштириш юзасидан касбга тайёрлаш курслари очилиб, 300 нафардан зиёд мутахассис тайёрланади. 

Шунингдек, туманни балиқчилик соҳасини эко ва гастрономик туризм билан боғлаб ривожлантириш мақсад қилинган. Яна бир аҳамиятли жиҳат шуки, бу туман ҳудудида ташкил этилаётган янги халқаро аэропорт келгусида иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришда катта имкониятлар ва ресурсларни яратади. 

Жумладан, 200 мингдан ортиқ иш ўрни, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади. Бунинг учун ҳозирдан ишчи ва касбларга бўлган талабни ўрганиб, мутахассисларни тайёрлаш ишлари ташкил этилмоқда. Шу ўринда вилоятдаги камбағаллик даражаси юқори ва “оғир” маҳаллаларни ривожлантириш ҳам бошлангани қувонарлидир. 

Масалан, жойлардаги 6 та маҳалла ишлаб чиқариш ва ҳунармандчиликка, 12 таси деҳқончиликка, 4 таси чорвачиликка, 8 таси савдо ва хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилади. Шу билан бирга, “оғир” маҳаллаларда 300 киловатт соат қувватга эга кичик фотоэлектр-станцияларига зарур ер майдонлари ажратилиб, ишга туширилади. Биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган ва меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлмаган 95 та камбағал оилалар хонадонлари энергия самарадорлигини ошириш учун таъмирланиб, қуёш панели ва гелиоколлекторлар ўрнатилади.

– Таҳлилларга кўра, “чуқур” ихтисослашувга эга маҳаллаларда турмуш фаровонлиги қолганларига нисбатан анча юқори, ижтимоий ёрдам олувчилар сони ҳам 2 баробар кам экан, – дейди Тошкент вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи Зиёдбек Йўлдошов. – Шу туфайли бу тоифадаги маҳаллалар учун бир қатор имтиёзлар берилиши режадаги ишларни жадаллаштиришга имконият яратади. Шу сабаб жорий йилда маҳаллалар тегишли тартибда қишлоқ хўжалигида хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, “Уста-деҳқон”лар, экспортёр-ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари ҳамда давлат банкларига бириктириш орқали ихтисослашуви чуқурлаштирилади. 

Шунингдек, “маҳалла еттилиги” билан сув таъминотини яхшилаш, сифатли уруғ ва кўчат етказиб беришни тизимли йўлга қўйиш орқали одамларнинг турмуш шароитини ўзгартиришга алоҳида эътибор қаратилади. Мисол учун, “Yangiyo‘l-Agro Star” МЧЖ томонидан Янгийўл тумани маҳаллаларидаги аҳоли хонадони ва деҳқон хўжаликлари помидор, булғор қалампири ва кўкат етиштириш учун ихтисослашувини чуқурлаштириш мақсадида қамраб олинди. 

Хонадон ва деҳқон хўжалиги эгалари дастлаб замонавий усулда помидор, булғор қалампири ва кўкат етиштириш сирлари ўргатилди. Жорий йилда 4,7 минг гектарга 54 минг 400 тонна ҳосил етиштириш ва 144,6 миллиард сўм даромад олиниши таъминланади. Натижада 38 080 тонна маҳсулот қайта ишланиб, экспортга йўналтирилади. 

А.Мусаев, ЎзА.