Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўтаётган “10th Qatar Weightlifting Cup” турнирининг тўртинчи кунги мусобақалари якунига кўра, Ўзбекистон оғир атлетикачиларининг умумий медаллари сони 11 тага етди.
Кеча халқаро турнирнинг ўтказилган баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Зиёда Худойқулова –63 килограмм вазн тоифасидаги муросасиз баҳсларда ўз иродасини намойиш этди.
Маҳоратли оғир атлетикачи қизимиз Зиёда Худойқулова даст кўтариш баҳсларида 90 кг. оғирликни муваффақиятли кўтариб, терма жамоамиз ҳисобига бронза медалини тақдим этди. Силтаб кўтариш машқида 110 кило натижа қайд этиб, тўртинчи ўринни эгаллади. Икки кураш якунларига кўра эса 200 кг. кўрсаткич билан яна бир бронза медалига сазовор бўлди.
Бу, ўз навбатида Зиёда Худойқулова қўлга киритган 2 та бронза, шунингдек Адҳамжон Эргашев, Муниса Одилова, Нигора Абдуллаева томонидан қўлга киритилган 9 та медаллар жамланмаси ҳисобига Ўзбекистон терма жамоасининг умумий совринлари сони 11 тага етди.
30 дан ошиқ давлатнинг оғир атлетикачилари иштирок этаётган халқаро мусобақа 27 декабрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА