Кеча, 5 декабрь куни Колумбиянинг Богота шаҳрида оғир атлетика бўйича катталар ўртасидаги навбатдаги жаҳон чемпионати бошланди.
"Париж-2024" Олимпия ўйинларининг илк рейтинг очколари ўйналадиган мазкур жаҳон чемпионатида 90 дан зиёд давлатнинг 550 нафарга яқин энг кучли оғир атлетикачилари қатори Ўзбекистон терма жамоасининг 10 нафар аъзоси ҳам баҳсларда иштирок этишга ҳозирлик кўрмоқда.
Жаҳон чемпионатида ватанимиз шарафини Олимпия ўйинларининг ғолиблари Руслан Нуруддинов ва Акбар Жўраев, жаҳон чемпионлари Адҳам Эргашев, Достон Ёқубов, шунингдек Муҳаммадқодир Тоштемиров, Шарофиддин Амриддинов, Оғабек Тўхтаев, Нигора Абдуллаева, Ригина Адашбоева ва Турсуной Жабборова ҳимоя қилади.

Бугун, 6 декабрь куни эркаклар ўртасида 55 ва 61 кило вазнда, қиз болалар ўртасида 49 ҳамда 55 килограмм вазнда илк саралаш баҳслари бўлиб ўтади.
Ҳамюртларимиз жаҳон чемпионатининг медаллари ҳамда "Париж-2024" рейтинг очколари учун курашга 8 декабрдан эътиборан киришади.
Шу куни Нигора Абдуллаева 55 килограммдаги асосий баҳсларни бошлайди. 10 декабрь куни эса Адҳамжон Эргашев ва Достон Ёқубов, 11 декабрда Оғабек Тўхтаев, 12 декабрдан Муҳаммадқодир Тоштемиров, 13 декабрь куни Шарофиддин Амриддинов, 15 декабрда Ригина Адашбоева ва Турсуной Жабборова, 16-17 декабрь кунлари Руслан Нуруддинов ва Акбар Жўраев чемпионлик йўлидаги одимларини ташлайди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА