Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида оғир атлетика бўйича бир ҳафта давом этган “10th Qatar Weightlifting Cup” турнирини умумий ҳисобда 23 та медаллар шодаси билан якунлади.
Нуфузли мусобақанинг сўнгги кунида +110 килограмм вазн тоифасида ватанимиз шарафини ёш ва маҳоратли оғир атлетикачимиз Амир Абдуллаев ҳимоя қилди.
30 та давлат спортчилари қатнашган турнирнинг ушбу вазнида Эрон, Грузия, Туркия, Венгрия каби давлатларнинг оғир вазнли тажрибали полвонлари ғолиблик учун кураш олиб борган вазиятда терма жамоамиз аъзоси А. Абдуллаев 1 та олтин, 2 та кумуш медалларни қўлга киритди.

Маҳоратли спортчимиз даст кўтариш баҳсларида 176 кг, 181 кг ва 184 кг оғирликларни муваффақиятли кўтарди. Силтаб кўтаришда 205 кг ва 211 кг оғирликдаги тошларни бўйсундирди. Икки кураш якунига кўра, жамланган 395 кг натижа юртимизда оғир вазнда яна бир истеъдодли спортчи етишиб келаётганлигини кўрсатди.
Бир кун муқаддам Нигора Сувонова -86 кг вазн тоифасида 3 та кумуш, Муҳаммадқодир Тоштемиров 3 та олтин медалга сазовор бўлиши ва ортда қолган кунлардаги совринли ўринлар туфайли Ўзбекистон терма жамоаси йилнинг сўнгги халқаро турнирида катта муваффақиятга эришишига олиб келди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА