2025 йил мамлакатимиз оғир атлетикачилари учун ҳар жиҳатдан муваффақиятли кечди. “Ислом бирдамлиги”, ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларида Ўзбекистон оғир атлетикачилари Ўзбекистон спорт делегациясининг умумжамоада 2-ўринни эгаллашига салмоқли ҳисса қўшди.
Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ўтган “Ислом бирдамлиги” ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси умумий ҳисобда 96 та медаллар шодасига эга чиққан бўлса, ушбу совринларнинг 20 таси оғир атлетикачиларимиз ҳисобига тўғри келди.

Шунингдек ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларида ҳам ёш полвонларимиз юқори натижага эришди. 12 нафар спортчи билан қатнашган терма жамоамиз 7 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза медалларига эгалик қилиб, деярли юз фоизлик кўрсаткичга эришди.
Йил давомида дунёнинг турли давлатларида ташкил этилган 8 та нуфузли мусобақада қатнашган оғир атлетикачиларимизнинг умумий медаллари сони 160 тани ташкил этгани келгуси йилги халқаро мусобақаларга муносиб ҳозирлик кўрилаётганидан далолат, дейиш мумкин.

Ўзбекистон оғир атлетика федерациясида мураббийлар, ҳакамлар, терма жамоа аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оғир атлетика федерациялари вакиллари иштирокида ўтган йил якунларига бағишланган йиғилишда юқоридаги маълумотлар қайд этилди.
Ўтаётган йилда маҳоратли спортчимиз Акбар Жўраев “Ислом бирдамлиги” ўйинлари, Хитойда ўтган Осиё чемпионати ва Норвегияда ташкил этилган жаҳон чемпионатида умумий ҳисобда 9 та олтин медални қўлга киритгани, жаҳон рекордларини ўрнатиши оғир атлетика тарихида, хусусан профессионал спортда камдан-кам рўй берадиган муваффақият экани эътироф этилди. Акбарнинг оламшумул ғалабаси Ўзбекистон спортининг тарихий ютуғи сифатида эътироф этилиб, у 2025 йилнинг энг яхши спортчиси, деб эълон қилингани ёш оғир атлетикачиларга руҳий қувват бағишлади.

Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ижроия қўмитаси аъзолари қатнашган тадбир давомида кириб келаётган 2026 йилда оғир атлетикачиларни Японияда ўтадиган ёзги Осиё ўйинлари ва 2028 йилги Лос Анжелес Олимпия ўйинларининг рейтинг мусобақалари кутиб тургани, ушбу нуфузли мусобақаларда муносиб натижаларга эришиш борасида қилинадиган ишлар, мураббий ва мутахассислар олдида турган вазифалар белгилаб олинди.

Йил якунларига бағишланган тадбир якунида ортда қолган мусобақаларда энг яхши натижаларга эришган спортчилар, мураббийлар, ҳудудий федерация вакиллари, ҳакамлар, мутахассисларга тегишли мукофотлар топширилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА