Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оғир атлетика: Тошкент 10 кун мобайнида дунё эътиборида бўлади
11:22 / 2021-12-06

Эртага, 7 декабрь куни Тошкентда дунё спорт оламининг энг нуфузли мусобақаларидан бири – оғир атлетика бўйича катталар ўртасидаги 86-жаҳон чемпионати баҳслари бошланади.

Халқаро олимпия қўмитаси каби нуфузли ташкилотлар ва дунёдаги минглаб оғир атлетика спорт тури мутахассислари, ишқибозлари диққат-марказида бўлган мазкур нуфузли чемпионат сабабли халқаро спорт майдонида Ўзбекистонга қизиқиш ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлиб қолмоқда.

Хорижий нашрлар, интернет тармоқларида Ўзбекистон, Тошкент, 86-жаҳон чемпионати мавзуси бот-бот тилга олинмоқда. Халқаро спорт оламида расмий ахборотлар тарқатиш борасида ўз ўрнига эга Insidethegames сайти деярли бир ойдан бери ҳар икки куннинг бирида мазкур жаҳон чемпионатига бағишланган мақола ва хабарларни чоп этиб келмоқда.

Куни кеча ушбу сайт Халқаро оғир атлетика федерацияси(IWF) олдидаги 160 минг доллар қарзини тўлаб берган Миср давлати оғир атлетикачиларига Тошкентда ўтадиган жаҳон чемпионатида қатнашишга рухсат берилгани тўғрисидаги хабарни чоп этди.

Хабарда айтилишича, Миср оғир атлетика федерациясига IWF олдидаги мажбуриятларини тўлиқ бажарганлиги ҳамда ташкилий қўмита розилиги билан Ўзбекистонга боришига изн берилди ҳамда Тошкент спорт майдонларида Мисрнинг 6 нафар спортчиси - Муҳаммад Эхаба (81 кг), Карим Хала (89 кг), Ахмад Ашур, Ясер Абдаллах Галал (96 кг), Ахмад Абдел-Хамид Габр (+ 109 кг) ва аёл оғир атлетикачилардан Неама Саид (64 кг) ҳамда Халима Абдел-Азим (+87 кг) қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.

Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси бош котиби Бахтиёр Абдукаримовнинг билдиришича, бугунгача 86-жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун Украина, Бангладеш, Жанубий Корея, Филиппин, Тунис, Таиланд, Малайзия каби йигирмага яқин давлатларнинг терма жамоа аъзолари Тошкентга етиб келишди. Пойтахтимиздаги белгиланган спорт залларида мусобақага тайёргарлик машғулотларини олиб боришмоқда.

Чемпионатда қатнашиш этиш учун мамлакатимизга ташриф буюраётган хорижий спорт делегациялари Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ва алоқадор ташкилотларнинг мутахассисларидан тузилган махсус гуруҳ томонидан тантанали кутиб олинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, оғир атлетика бўйича 86-жаҳон чемпионати баҳслари 7-17 декабрь кунлари пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида бўлиб ўтади. Унда дунёнинг 74 та давлатидан 187 нафар хотин-қиз ва 245 нафар эркак оғир атлетикачилар қатнашиш учун талабномаларни тақдим этган.

Аҳамиятлиси, 10 кун давом этадиган чемпионат баҳсларида Токио, Рио олимпиадаси ғолиблари, жаҳон чемпионлари, турли даражадаги халқаро турнирларнинг ғолиб ва совриндорлари жаҳоннинг энг кучли спортчиси бўлиш учун майдонга чиқишади. “Юнусобод” спорт мажмуасида ўтадиган муросасиз курашларнинг транслияцияси дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатларида тўғридан-тўғри намойиш этилади.

Мазкур нуфузли жаҳон чемпионатида Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган Ўзбекистон оғир атлетикачилари бугун, 6 декабрь куни тонгда Украина давлатида ўтказилган ўқув-машғулот йиғинларини якунлаб, юртимизга қайтиб келишди.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА