Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оғир атлетика: Ўзбекистон "Лос-Анжелес-2028" саралаш мусобақасига мезбонлик қилади
12:32 / 2026-01-23

Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) Ижроия қўмитасининг Zoom платформаси орқали ўтказилган йиғилишида "Лос-Анжелес-2028" ёзги Олимпия ўйинлари учун йўлланма берувчи саралаш мусобақаларига мезбонлик қиладиган мамлакатлар номи эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири ўринбосари, мамлакат оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, IWF Ижроия қўмитаси аъзоси Шаҳрилло Маҳмудов қатнашган йиғилиш давомида қатор масалалар муҳокама қилиниб, 2028 йилги ёзги Олимпия ўйинлари учун йўлланма берувчи саралаш мусобақаларига мезбонлик қилишга даъвогар мамлакатлар кўриб чиқилди.

Йиғилишда мусобақаларни ташкил этиш, мезбон мамлакатларга қўйиладиган талаблар ҳамда саралаш жараёнлари атрофлича муҳокама қилинди. Муҳокамалар, делегатларнинг таклифлари асосида Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) Ижроия қўмитаси аъзолари томонидан Ўзбекистон номзоди бир овоздан маъқулланди.

Шунингдек, саралаш мусобақаларига мезбонлик қилиш ҳуқуқини Ўзбекистондан ташқари Қатар, Перу, Венесуэла ҳамда Таиланд мамлакатлари қўлга киритди.

Айтиш лозим, "Лос-Анжелес-2028" Олимпия ўйинларига лицензия берувчи саралаш мусобақалари бешта мамлакатда ўтказилади. Улардан бирига мезбонлик қилиш ҳуқуқининг Ўзбекистонга топширилгани мамлакатимизнинг халқаро спорт майдонидаги обрў-эътибори, юқори ташкилий салоҳияти ҳамда оғир атлетика йўналишида эришилган ютуқларининг яққол эътирофидир.

Т.Рўзиев,

ЎзА