French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оғир атлетика: Жаҳон чемпионати башоратлар майдони эмас
10:51 / 2021-12-10

Пойтахтимизда оғир атлетика бўйича 86-жаҳон чемпионати кутилган ва кутилмаган натижалари билан давом этмоқда.

Хабар берганимиздек, кеча 9 декабрь куни аёллар ўртасида 55 килограммда ҳамда эркакларнинг 61 кило оғирликларида чемпионатнинг ғолиб ва совриндорлари маълум бўлди.

“Юнусобод” спорт майдонида 61 килограмм оғирликда гарчи дунё оғир атлетикасининг етакчилари бўлган амалдаги жаҳон чемпиони хитойлик Ли Фабинь ва индонезиялик олимпия ўйинлари кумуш медаль совриндори Эко Юли Ираван қатнашмаётган бўлса-да, мусобақалар кутилганидек муросасиз ўтди.

Ушбу вазнда мутахассисларнинг башорати ўзини оқламади. Яъни, ушбу вазнда туркманистонлик Мирзаев ва грузиялик Рамини Шаминишвили ва Шота Мишвелидзенинг имкониятлари юқори баҳоланган эди. Аммо, жаҳон чемпионати башоратлар майдони эмаслигини Жанубий Корея ҳамда Саудия Арабистони спортчилари исботлашди. 61 килограмм вазнда иккикураш натижасига кўра, 288 килограмм оғирликдаги тошни буйсиндирган жанубий кореялик Рок Шин олтин медалга эга чиққан бўлса, кумуш медаль грузиялик Шота Мишвелидзега, бронза эса саудия арабистонлик Ал Салем Сиражга насиб этди.

Айтиб ўтганимиздек, 55 килограмм оғирликдаги баҳсда ҳамюртимиз 18 ёшли Жамила Панфилова икки кураш натижасига биноан 188 килограмм натижа билан 15-ўринда қайд этди. Мазкур вазнда совринли ўринлардан тунислик Гуфран Белкхир(203), нигериялик Аденике Адижат Олариное (203) ва украиналик Свитлана Самулякка(201) жой олишди.

Бугун, 10 декабрь куни жаҳон чемпионатининг тўртинчи кун дастурига биноан 59 килограммда аёллар ўртасида саралаш мусобақалари ташкил этилади. Эркаклар 67 ва 73 килограмм вазнларда жаҳон чемпионатининг медаллари учун курашга киришади.

Эътиборлиси, бугун, куннинг иккинчи яримида 67 килограмм вазнда Ўзбекистон терма жамоасининг икки нафар аъзоси – Адҳамжон Эргашев ва Достонбек Ёқубов совринли ўринлар учун 86-жаҳон чемпионатининг супасига кўтарилади.

Тўлқин Рўзиев, 
ЎзА