Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оғир атлетика: Иқтидорли ёшларни аниқлашда мусобақаларнинг алоҳида аҳамияти бор
12:32 / 2023-06-24

Хабар берганимиздек, шу кунларда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасида (U17) Марказий Осиё очиқ чемпионати бўлиб ўтмоқда.

Чемпионатнинг иккинчи кунги баҳслари ҳам мамлакатимиз ёш оғир атлетикачилари учун омадли кечди. Мусобақада иштирок этаётган 7 давлат атлетлари орасида терма жамоамиз натижалар борасида катта устунликка эга бўлиб турибди.  

Мусобақа низомига кўра, беллашувларнинг иккинчи кунида қизлар 55, 59 килограмм вазн тоифаларида куч синашган бўлса, ўғил болалар ўртасида 61, 67, 73 килограммда ғолиб ва совриндорлар аниқланди.  

– 17 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги мазкур мусобақанинг ташкил этилиши айни муддао бўлди. Ушбу ёшдаги спортчилар асосий терма жамоага номзод спортчилар саналадики, улар орасидан маҳоратли ва иқтидорлиларни саралаш, танлаш, терма жамоага жалб қилиш орқали юртимиз шарафини келажакдаги жаҳон ва қитъа чемпионатларида, Осиё ва Олимпия ўйинларида муносиб ҳимоя қиладиган чемпионлар тайёрланади. Ўтказилаётган баҳслар яна шуниси билан аҳамиятлики, спортчиларимизнинг рақиблари, уларнинг имконият даражалари, қайси техник-тактик ҳолатларга эътибор қаратишимиз лозимлигини билиб оляпмиз, – дейди Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси етакчи мутахассиси Азамат Шарипов.  

Баҳсларнинг иккинчи кунги натижаларига кўра, ўғил болалар орасида 61 килограммгача вазнда эронлик Меҳраб Давасари ғолиб чиққан бўлса, ҳамюртимиз Азиз Шомуродов (109+134) 243 кўрсаткич билан иккинчи ўринни эгаллади. Учинчи ўрин қозоғистонлик Камбар Токсанбаевга насиб этди. 67 килограмм вазнда совринли ўринлар Нурилло Давлатбоев,  Дидарбек Жўмабоев, Муҳаммаджон Шукуров ўртасида тақсимланди. 73 килограммгача оғирликдаги спортчилар курашида терма жамоамиз аъзоси Ҳикматилло Ҳайдаров шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Қозоғистонлик Акторе Конусбекули 2-ўринни, тожикистонлик Ҳикматилло Негматов 3-ўринни қўлга киритди.  

Марказий Осиё очиқ чемпионатининг қизлар ўртасидаги беллашувларининг иккинчи кунида 55 ва 59 кило оғирликда чемпионлик ҳамюртларимиз Шаҳноза Жабборова ҳамда Зиёда Худойқуловага тегишли бўлди. Совринли ўринлар Туркия, Туркманистон, Қирғизистон вакилларига насиб этди.  

Мусобақалар давом этмоқда.  

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА