Халқаро тестлаш маркази ва Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ҳамкорлигида “Допингга қарши кураш” мавзусида ташкил этилган вебинарда вилоят ва миллий терма жамоаларнинг 70 нафардан ортиқ спортчилари ҳамда уларнинг мураббийлари иштирок этди.
Вебинар давомида иштирокчиларга допингга қарши кураш соҳасидаги асосий тушунчалар ва амалий билимлар етказилди. Жумладан, спортда қатъий масъулият принципи тушунтирилиб, допингга оид 11 та асосий қоидабузарлик ва уларнинг кимларга тааллуқли экани муҳокама қилинди.

Шунингдек, спортчиларни дори-дармонлар ва биологик қўшимчаларни текшириш жараёнида қўллаб-қувватлаш, қўшимча воситалар билан боғлиқ хавф-хатарлар ҳамда допинг қўлланишининг ҳуқуқий ва спорт фаолиятига салбий таъсири ҳақида сўз юритилди.
Спортчиларнинг ўрганган билимларини мустаҳкамлаш, фаол хабар беришнинг роли ва аҳамияти, шубҳали ҳолатлар юзага келганда қаерга мурожаат қилиш ва кимдан маслаҳат олиш мумкинлиги бўйича аниқ йўриқномалар тақдим этилди.

Тадбир якунида иштирокчиларнинг саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди ва допингга қарши маданиятни шакллантириш спортчилар ва мураббийларнинг устувор вазифаси эканлиги таъкидланди.
Т.Рўзиев, ЎзА