Пойтахтимизда оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати бошланди.
Мусобақаларда дунёнинг 53 мамлакатидан 300 нафардан ортиқ атлет ғолиблик билан бир қаторда “Токио–2020” Олимпия ўйинлари йўлланмаси қимматли рейтинг очколари учун куч синашмоқда.
Мусобақанинг дастлабки кунида енгил вазн тоифасидаги спортчилар рақобатлашади.
“Юнусобод” спорт мажмуасида ўтадиган жаҳон чемпионатида мамлакатимиз шарафини 13 нафар атлетимиз ҳимоя қилади.
Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган терма жамоамиз аъзоларининг ҳолати, улардан кутилаётган натижалар ва мусобақа олдидан кўрилган тайёргарлик ҳақида ЎзА мухбирига Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Жўра Зоиров сўзлаб берди.
– Аввало, жаҳон чемпионатида 14 нафар спортчи билан иштирок этишни режа қилган эдик. Aфсуски, катталар ўртасидаги Осиё чемпионатида совриндор бўлган Нигора Сувонова кичик жароҳат олгани боис, уни ўтказиб юборади. Шу сабабдан Ватанимиз шарафини 13 нафар атлет ҳимоя қилади. Чемпионат олдидан етакчи атлетларимиз Владивостокда асосий жамоа билан ўқув-машғулот йиғинини ўтказиб, Тошкентга қайтиб келди. Мусобақага тайёргарлик учун ҳукуматимиз томонидан барча шароит яратиб берилди. Айниқса, давлатимиз рaҳбaрининг 2017 йил 9 мaртдaги “Ўзбекистон спортчилaрини 2020 йил Токио шaҳридa (Япония) бўлиб ўтaдигaн XXXII ёзги Олимпия вa XVI Пaрaлимпия ўйинлaригa тaйёрлaш тўғрисидa”ги қaрори юзaсидaн ишлaб чиқилгaн дaстургa кўрa, оғир атлетикачиларимиз ҳар бир нуфузли мусобақага зaмонaвий меъёрлaр aсосидa пухтa тaйёргaрлик кўрмоқда.
Мазкур чемпионатдан сўнг “Токио–2020” Олимпия ўйинларига рейтинг очколарини берувчи давр якунланади. Шу боис, асосий эътиборимиз ҳозир бўш турган тўртинчи лицензиямиз ўрнини тўлдиришга қаратилган.
Маълумки, халқаро ташкилот томонидан “Токио–2020” Олимпиадаси учун терма жамоамизга 4 та квота (2 эркак ва 2 аёл ўрни) берилган. Ҳозир 3 та лицензиатимизнинг номи аниқ. Тўртинчи йўлланмага Кумушхон Файзуллаева ҳамда Турсуной Жабборова даъвогарлик қилмоқда. Чемпионат давомида барча спортчиларимиз максимал натижа кўрсатишга интилишади. Шуни таъкидлаб ўтишимиз керакки, вакилларимиз орасида Муҳаммадқодир Тоштемиров, Ҳакимжон Шамсиддинов, Кумушхон Файзуллаева, Турсуной Жабборова, , Нигора Абдуллаева каби полвонларимиз чемпионлик учун асосий даъвогарлардан ҳисобланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА