Хабар берганимиздек, айни кунларда оғир атлетика бўйича Хива шаҳрида ўсмирлар ва катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати баҳслари бўлиб ўтмоқда.
Хивадаги Миллий ва олимпия спорт турларига ихтисослаштирилган мактаб-интернатида 4 кун давом этган ўсмирлар ўртасидаги мамлакат биринчилиги мусобақаларида 200 га яқин спортчи ўсмирларимиз 10 та вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб боришди.
Медаллар жамғариш натижасига кўра, Хоразм вилояти вакиллари 4 тадан олтин ва кумуш ҳамда 3 та бронза медали билан 1-ўрин эгаллашди. 2-ўрин умумий медаллар сони бўйича Андижон вилояти (7 медаль) вакилларига насиб этган бўлса, кучли учлик 5 та медалга эгалик қилган Бухоро вилояти полвонларига насиб этди.
Бугун – 19 март куни катталар ўртасида чемпионат баҳслари бошланади. Рио ва Токио Олимпиадаси ғолиблари Руслан Нурудинов, Акбар Жўраев, ёшлар, ўсмирлар ҳамда катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ғолиблигига эришган Достон Ёқубов, Адҳамжон Эргашев, Муҳаммадқодир Тоштемиров, Кумуш Файзуллаева каби донгдор оғир атлетикачилар иштирок этадиган Ўзбекистон чемпионатининг дастлабки кунида эркаклар 55, 67, 73 килограмм оғирликда, аёллар бўлса, 45 ва 55 кг вазнларда беллашишади.

Мазкур мусобақаларда Руслан Нурудинов 109 оғирликдаги вазн тоифасида, Акбар Жўраев энг оғир вазн +109 кг.да, шунингдек, ёшлар ўртасида жаҳон чемпионлари Адҳамжон Эргашев 67 кг.да, Муҳаммадқодир Тоштемиров 81 кг, Осиё чемпиони Сарвар Зафаржонов 89 кг.да ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати кумуш медаль соҳиби Нигора Сувонова 76 кг. ва Турсуной Жабборова Хивадаги чемпионатда +87 кг. вазн тоифасида қатнашиш тасдиқланган.
Эслатиб ўтамиз, эркаклар ва аёллар ўртасидаги мусобақалар 10 тадан вазнда кечади. Баҳслар 22 мартга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА