Жамиятимизда қиз болалар – бўлғуси оналарнинг жисмоний, маънавий соғлом бўлиб вояга етиши, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Давлатнинг эътибори ва ғамхўрлигини олис ҳудудларда яшаётган хотин-қизлар ҳис этишлари учун ННТ ҳам давлат ташкилотларига елкадош бўлишдек ижтимоий шерикчиликни йўлга қўйди.
Нурота туманидаги «НУРҲУМО» ўсмирлар маркази томонидан Нурота туман тиббиёт бўлимида қишлоқ патронаж ҳамширалари учун ташкил этилган «Соғлом онадан-соғлом бола» тарғиботи ҳам айни шу мақсадда ўтказилди.
Шунингдек, марказ туманнинг олис қишлоқларида хотин-қизлар саломатлигини айниқса, эрта никоҳ ва эрта ҳомиладорлик, қариндошлар ўртасидаги никоҳларни камайтириш мақсадида Халқ депутатлари Навоий вилоят кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди грант маблағлари ҳисобидан турли тарғибот лойиҳаларини олиб бормоқда.
Маълумотларга қараганда, қариндошлар никоҳи шаҳарларда 10 фоиз, қишлоқларда эса 25-30 фоизни ташкил этади.
Биргина мисол, агар қариндошлар никоҳига дарз кетса, оқибати шунчаки ногирон бола эмас, қариндошлар ўртасидаги муносабатга ҳам дарз кетиши, ўзаро меҳр йўқолиши, силаираҳм узилиши, энг даҳшати ўзаро душманлик кайфиятининг пайдо бўлишига олиб келади.
Бу албатта, соғлом маънавий муҳитга таъсир этади. Қондошлар юз кўрмас бўлиб кетиши, бу – фожиа. Қишлоқ патронаж ҳамширалари фаолиятида тарғиботни кучайтириш лозим. Чунки патронаж ҳамширалари бу самарали тарғибот "машинаси" аслида.
Мақсадимиз – ҳар бир ота туғруқхонага борса, "Ўғилми ёки қизми", деб эмас, балки "Она-бола саломатми?" деб меҳр кўрсатсин. Эрта никоҳ оқибатида ўқувчи қиз келинчак бўлса, унинг елкасига ўқиш, рўзғор, эрнинг хизматида бўлишдек масъулият ва аччиқ ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмайди.
Ситора Абдурасулова,
Нурота тумани «НУРҲУМО»
ўсмирлар маркази раҳбари