French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўғил ўстираётганлар эътиборли бўлишсин: оналар асло отани ўғлига ёмонламаслиги керак...
12:09 / 2021-05-03

Фарзанд юрт бойлиги, унинг тарбияси ва илми эл кўрки. Тарбия борасида айниқса ўғил болани ёшлигидан ҳислари ҳақида гапиришга ўргатиш даркор. У юрагидаги гапларни ҳаммага эмас, фақат бир кишига айтсин.

 Масалан, ўз онасига.  Ўғилга гўдакликдан эркаклик сифатлари нима эканлигини тушунтириб бориш керак. Бу сифатларни кинода, гапнинг ичида, эртакларда эмас, ҳаётдаги жонли инсонлардан топиши ва кўриши лозим. Бунинг учун она асло отани ўғлига ёмонламаслиги керак. Ҳар қандай ҳолда падарбузруквор ўғилнинг дунёга келишига бош сабабчи. Майли, бугун отада баъзи қусурлар бўлса, эртага  у бутунлай бошқа тарафга ўзгарса, ўғил ҳижолатли ва гуноҳкор бўлиб қолиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам отани бор табиати билан фарзандлар олдида обрўсини ушлаб туришимиз керак. Ҳаётда болаларига отасини ёмон отлиққа чиқараётган аёллар учрамоқда. Шу билан она боланинг тарбиясини бузмоқда. Гўёки тарбияни ўз тарафига оғдирса, яхши бўладигандай.  Бу энг ёмон одат. Ўғилнинг отага меҳрини оширувчи

инсон албатта она. Биргаликда тарбия ўғилда бўлгандагина одамларга ишонади, ўз туйғуларини чуқурроқ англайди ва юрак хасталикларидан узоқроқ юради. Болага қаттиқ туриш, калтаклаш бу эркакона тарбия деб ўйлашади баъзи оналар. Баъзилари эса кимдандир бола қўрқиши керак дейишади. Калтаклаш бу эркак тарбияси эмас, кимдандир қўрқитиш қўрқувни бола ичига киргазишдир. “Отанг келса кўрасан, бир тазирингни бердириб қўяман”, деб, оналар отани қўрқитиш воситаси деб қилиб оладилар. Бундай болалар қўрқоқ, ўз фикрини ҳам айта олмайдиган зулмкор бўлиб, келгусида ёшлигида унга қандай муносабатда бўлган бўлсалар, фарзандларини ҳам калтаклаб катта қилишни давом эттиради. Отаси қилган ишни қилади. Оналар ичадиган отани ичмайди деб болани алдаш ва ёлғон гапириш керак эмас. Борини айтиш ва отани бу ҳолатдан чиқиб кетишига умид қилиб ишонч бериш тўғри тарбиядир. Мен тарбиячи педагог сифатида оналардан илтимос қилар эдим, болангизга ҳеч қачон отасини ёмонламанг, отанинг хатоларини, қилиғини омил сифатида айтишингиз мумкин. Бу хатоларни такрорлаш керак эмаслигини бирга суҳбат тарзида келишиб олиш лозим. Отага қандай ёрдам бера олиш ҳақида ҳам суҳбат қилиш, боланинг ички кечинмаларини даволайди.

Бола билан отанинг суҳбатидан қўрқиш керак эмас. Бундай суҳбатларни дастурхон атрафида она тайёрлаган тансиқ овқатлар ёки бир пиёла чой, кофе устида уюштирилса, айни муддао. Фарзанд ўз ақли билан онасига ҳам, отасига ҳам баҳо бера олади. Айланма йўллар қидириш, кўчада овқатланиб, рўзғорни ҳаминқадар ўз ҳолига ташлаб, музлатгичларда боланинг ҳатто толмасчойи учун ҳам егулик нарсаси бўлмай бўшаб қолиши  болани сизга бўлган ҳурматини йўқотади. Қорни тўқ бола отасига меҳрли бўлади. Фарзандингиз отаси гапидан «ҳафсаласи пир» бўлиб, хафа бўлса ҳам бу хафагарчилик тагидаги фикрларни ўрганинг. Соғлом ўғилни хоҳлаган ота-оналар яхши едириш ва кийдириш, қўшимча машғулотларга жалб этиши шарт. Бунинг учун иккиламчи харажатлардан воз кечиб, кучни шуларга сарфлаш даркор. Ўғил ўз отасидан уялиши керак эмас, аксинча отасига тўғри йўл топиши учун бирор сўз топиб айта олиши муҳим.

Худди шунингдек онага ҳам осон эмас. Ота ҳам ўз навбатида ўғлига ўз онасини ёмонлаш боланинг дийдаси қаттиқлашишига олиб келади. Нима бўлганида ҳам боланинг ўз ақли, фаросати, меҳри бор. Меҳр қаҳрга айланиши ҳаммани бахтсиз қилади. Болангизда отага нисбатан нафрат уйғониши, эртага дунёга ва сизга ҳам қарши нафратга айланиш қонунияти бор. Ўғлингизга нисбатан ҳурмат доирасида эркакча муносабатни шакллантиринг. Ўғилга тазйиқ ва хўрлик кўрсатманг. Табассум бу бойлик. Оилангизни ички кучи табассумдан бошланади. Сизга ёрдам бермоқчи бўлаётган болангизга раҳм ўрнига, табассум инъом қилинг, кучли бўлади. Ўғил бола табиатан яратувчан бўлади. Фарзандингиз нимаики янги иш бошламасин, қўллаб туринг.Ўғил боланинг энг катта бойлиги ва ютуғи – ўзига ишонч туйғуси. Ҳозирча у ўзига ишончни аҳил ота-она орқали олади, қилаётган ишларига ота-онасининг назари билан баҳо беради. Меҳнат кишини тарбиялайди Ўғил болани ҳас-пўшлаб эркалатманг, меҳнатга ўргатинг. Дунёда энг ёмон нарса дангасалик. Камбағаллик ва боқимандалик боши ҳам аслида шу иллатлар.

Ёшларда ғайрат кўп, бекор ўтиргандан бирор иш қилсин. Майли, қўшнисига қарашсин. Шаҳар шароитида кўп қаватли уйлар олдига қаранг, қанчадан-қанча ерлар бўш ётади. Наҳотки, шу ерларни биргалашиб ўғил набира ёки фарзандлар билан обод қилиб бўлмайди?  Биргаликда китоб ва бирор ишга доир тавсиялар ўқинг. Мутолаага қизиқиши керак. ”Ҳовлида узум етиштириш”, ”Майда ремонтлар” каби китобчаларни оммавий нашр қилиш вақти келмадими? Афсус, ҳозир оилаларга газета ва журналлар етиб келмай қўйди. Илгари бирга оила даврасида ўқиларди. Ҳозир ҳам бирга ўқиймиз, десангиз албатта қизиқади. Китоб дўконларини бирга айланинг, ҳарид қилинг. Қизиқишларини асло бўғманг.

Майли, у “кетка”лар йиғиб, бутун уйга сочиб ташласин ёки тўп ўрнига “баклажка” тепиб, қулоқни қоматга келтирсин. Ким билади, сиз бўлажак устомон брокер ёки машҳур футбол юлдузини тарбиялаётгандирсиз?! Эркаклардан кимгадир тақлид қилишига қўйиб беринг. Месси ёки Шомуродов, Билл Гетс, Стив Жобс – фарқи йўқ. Алпомишга тақлид қилдиролсангиз қани эди?  Бу зотлар ўғлингиз олдига қўйган маррадир.

Қизларга нисбатан муносабатни ўғлингизга болалигидан ҳурмат тарзида ўргатинг. Айниқса, опа ва сингиллар, қўшни ва синфдош қизларни, шунда катта бўлганида ўғил ўз оиласини ҳурмат қиладиган бўлади. Синглисини туртиш, боғча ёки мактабдаги қизларнинг сочидан тортиш – буларнинг бари мумкин эмаслигини аввал тушунтириш, бу иш бермаса, жазолаш орқали ўғлингизнинг онгига сингдириш керак. Ўзингиз ҳурматга лойиқ ота-она бўлинг. Қарз икки қўлдан, тергайверадиган, қарғайверадиган, сўкаверадиган ота-оналардан бола зоҳиран нафратланиб қолади. Болани қарғаш, сўкиш унга бақириш, бировларни ёмонлаш, номақбул сўзларни айтиш, алдаш… Хуллас, буларнинг баридан тийилишга ҳаракат қилинг. Нафақат уларни, балки оддий суҳбатларда маданиятли гапирилса, айни шу одат фарзандларга нусҳаланади.  

Одоб-ахлоқ қоидаларини ўргатинг. Дастурхонга катталардан аввал қўл узатмаслик, ўзидан катталарга жой бериш, қошиқни тўғри ушлаш – бу майда-чуйдаларни беэътибор қолдирмасангиз келажакда халқдан дуо олиб келадиган ўғилнинг ота-онасига айланасиз. Маҳтумқулининг “Йигит кишининг аслин билгин келса, маъракада ўтириб туришин кўр”,  деган машҳур ибораси ўғил тарбиялаётган оилаларга шиор бўлиши керак. Бирон нарсага ишонса, ишончини синдиришга шошилманг. Эртак ва мультфильм қаҳрамонларига айниқса, Қорбобога, Ҳизр бувага, сеҳрли таёқча ёки "Сариқ девни миниб" даги Ҳошимжон қалпоқчасига… Буларнинг бари эзгуликка хизмат қиладиган образлар.

 Баъзан мулойим бўлиш ҳам керак.

Ўғил бола юмшоқ супурги эмас, бу тўғри. Бироқ, ўрни келганда мулойимлик, яъни дипломатия билан ишини битириш мумкинлигини ҳам билсин. Кийимларини ифлос қилишга ҳаққи борлигини унутманг.

Ахир у ўғил бола! Бўлмаса, қандай копток тепади, қумдан чиройли уйлар қуради ёки велосипед учишни ўрганади? Мана шундай пайтда ота-оналарни норози бўлиб овозларини баланд қўйганларини кўп гувоҳи бўлганман.

 Бирга тез-тез сайрга чиқинг. Велосипед учинг. Ҳар бир оилада оилавий велосипед бўлишига ҳам одатланайлик энди. Баъзида ўғлингизнинг айбини ҳам беркитишга тўғри келади. Агар айбини отасига айтиб жазо берсангиз, ярим обрўингиз кетди деб ҳисоблайверинг.

Бошқаларга ҳамиша ёрдам беришга ўргатинг. Асло ҳудбин ва эгоист қилманг. Сен бировга ёрдам берсанг, бошқалар кун келиб, сенга ёрдам беришади, деб қулоғига қуйиш лозим. Шу ақидани боланинг онгига сингдиринг. Шундагина унда одамларга яхшилик, савоб ишлар қилишга эҳтиёж пайдо бўлади.

Тажриба вақт ўтиши билан ҳар ишда қўл келишини тушунтиринг. Бирон нарсани уддалай олмаса, бу билмасликдан эмас, тажрибасизликдан. Вақти билан тажриба пайдо бўлади ва у ишни эплаб кетади. Асосийси, тажриба орттиришдан чарчамасин. Мана ҳозир кўпгина ўқувчи болалар компьютерлар учун дастурлар яратиб мустақил маблағ топишмоқда. Шу болалар ёшлигида шўх ва тўполончи бўлишган. Бундай болалар тез қуйилади.

“Нега”ларини жавобсиз қолдирманг. Баъзан болажонлар шу сўзни ўйинчоқдек ўйнашаётган ва сизнинг сабрингизни синаётгандек туюлиши мумкин. Аслида, ундай эмас. Савол бермай қўйишидан Худо асрасин. Бу ўғлингизнинг онги ривожланмаётгани белгисидир. Отаси билан тез-тез холи қолдиринг. Ўғил бола эмоционал жиҳатдан кўпроқ онага боғланган бўлса-да, руҳан ва маънан отаси таъсиридадир. Ота билан ёлғиз қолган ўғлингиз ўзини бўлажак эркак сифатида ҳис қилади. Вақти-вақти билан бир қучиб ёки елкасига уриб, қўлини сиқиб, ”Ота ўғил” деб айтиб мақтаб, яхши кўришингизни билдириб қўйинг. Айниқса, мени ёш эркак оталарга эътирозим бор. Чойхона ва гап-гаштакларга борамизу, лоақал бир марта ҳам оиламиз ва жондан азиз фарзандларимиз билан оилавий оммавий кўнгилочар жойларда сайр қилиб овқатланмаймиз? Оила даврасидаги бу тадбирларнинг  тарбиявий аҳамияти катта.

Доим оиладан, ўғилингиздан маънавий мадад олишига эришинг, фахрланинг. Асло кўча ҳандон, уй зиндон эркакка айланмасин. Одатда ўғил болани катта қилиш ва унга муносиб тарбия бериш қийин дейишади.  Илмли, касбли ўғил сизнинг ҳаётингиз маъносига айланади деб ўйлайман.  

 

Бахтиёр КАРИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси