Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Огаҳийнинг “Таъвиз ул-ошиқин” китоби нашр этилди
18:00 / 2023-11-30

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг “Таъвиз ул-ошиқин” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Адабий анжуман аввалида Огаҳий бобомиз ижодий меросига оид видеолавҳа намойиш этилди.

Тақдимот тадбирида Муҳаммад Ризо Огаҳий ижоди, унинг “Таъвиз ул-ошиқин” китоби хусусида батафсил сўз юритилди.  

– Бизнинг улкан, муаззам адабиётимиз жаҳон адабиёти билан бемалол бўйлашадиган, беллашадиган адабиётдир, – деди таниқли адабиётшунос олим Нурбой Жабборов. – Бундан аввал ҳам Огаҳий асари икки марта нашр этилган эди. Ҳам дин илми, ҳам араб, форс тилларини мукаммал билган Огаҳий асарини нашр этишга эҳтиёж катта эди. Огаҳий асарлари салмоғи, бадиияти жиҳатдан Алишер Навоий ҳазратларига энг яқин бўлган ижодкордир. Шоир айтадики, инсоннинг номи қоладиган бўлса ҳам, фақат яхши сўз сабабли абадиятда мангу қолади. Шу маънода ижодкорлар мукаммал асарлари орқали адабиётда боқий қоладилар. Огаҳий ижоди бугунги кунда ҳам халқлар дўстлиги, инсон камолоти, унинг маънавий дунёси юксалишига хизмат қилмоқда. Мазкур нашрнинг ўзига хослиги шундаки, унда Огаҳийнинг аввалги нашрларга кирмаган ижод намуналари қўшилган. Тушириб қолдирилган жойлари тўлдирилган ҳамда мукаммаллиги билан ажралиб туради.        

–Огаҳий ижоди ҳақида кўп гапириш мумкин, – деди филология фанлари доктори, адабиётшунос олим Мақсуд Асадов. – “Таъвиз ул-ошиқин” китобининг нашр этилиши фидойи олимлар, тадқиқотчиларнинг кўп йиллик заҳматли меҳнати натижасидир. Навоий ва Огаҳий ижоди ўртасидаги боғлиқлик ҳақида кўп гапирилади. Адабиётшунослар гарчи Огаҳий ижоди ҳақида кўплаб тадқиқотлар олиб борган бўлсалар-да, мазкур китоб яна янги тадқиқотлар учун йўл очиб беради. Зеро, Огаҳийнинг ижоди, шахсияти, фаолияти, дунёқараши, у яшаган давр билан боғлиқ баҳолар келажакда яна берилади.    

– Огаҳийни кўп қиррали ижодкор деб биламиз, – деди Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби директори, манбашунос олима Ҳилола Назирова. – Лекин бугунги кунда Огаҳий ижодини фанлараро тадқиқ этиш, адабиёт ва тарихни ўзаро уйғун тарзда ўрганиш долзарб аҳамият касб этмоқда.  

–Аслида Огаҳий китобининг нашр этилиши ва унинг тақдимоти  адабиёт байрамидир, – деди адабиётшунос олим Раҳматилла Баракаев. – Эҳтимолки, бу китоб академиклар, олимлар, тадқиқотчилар учун мўлжалланган. Унинг нашрга тайёрланиши устида олиб борилган меҳнатнинг ўзи ўта залворли. Бу мумтоз адабиётимиздаги жуда катта хизмат, улкан меҳнатнинг натижасидир. Юқорида айтилганидек, Огаҳий ижоди бадиият ва ҳажм жиҳатидан Навоийдан кейинги ўринда турувчи адабий мерос. Огаҳий ижоди бизга ўз нурини сочиб турган қуёш. Уни қабул қилиш, баҳра олиш ҳар биримизнинг ўзимизга боғлиқ.  

Дарҳақиқат, Муҳаммад Ризо Огаҳий наинки Шарқ мумтоз сўз санъати, балки дунё адабиёти хазинасига ҳам ўз шеърлари, тарихий асарлари ва таржима китоблари билан муносиб ҳисса қўшган забардаст боболаримиздан бири саналади. Шарқ шеъриятининг деярли барча жанрларида маҳорат билан қалам тебратган серқирра ва сермаҳсул ижодкор Огаҳий зуллисонайн шоир, тарихчи, моҳир таржимондир.  

Огаҳийнинг “Таъвиз ул-ошиқин” китобини филология фанлари номзоди Сайфиддин Рафиддинов нашрга тайёрлаган. Китоб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида чоп этилган. Шоирнинг умри ниҳоясида тузган лирик куллиёти – “Таъвиз ул-ошиқин” (“Ошиқлар тумори”) бизгача тўлиқ етиб келган. 

Девон анъанавий тарзда тузилган бўлиб, 470 ғазал, 3 мустазод, 89 мухаммас, 5 мусаддас, 2 мурабба, 4 мусамман, 4 таржеъбанд, 7 қитъа, 80 рубоий, 10 туюқ, 1 муламма, 4 чистон, 2 муаммо, 4 маснавий, 1 баҳри тавил, 1 муножот, 1 ошиқ ва маъшуқ савол-жавоби, 20 таърих, 19 қасида – жами 18 минг  мисрадан иборат. Девонга «Ашъори форсий» номи билан Огаҳийнинг форс тилидаги 1 минг 300 мисра шеъри ҳам киритилган.  

Девондаги асарлар мазмун-мундарижаси марказида ишқ мавзуи туради. Ишқ унинг қаламида мавзуни ёритишда, ғояни илгари суришда асосий бадиий восита бўлса, шеъриятида ишқ – иймон, эътиқод, Ватан, заковат тимсоли каби лирик қаҳрамоннинг ўй-кечинмалари, фаолияти, дунёқарашини ҳаракатлантирувчи куч. 

Огаҳий девонида замон ва замондошлари тасвири ҳам катта ўрин эгаллаган. Шоир ўзи яшаб ижод этган мураккаб даврни маҳорат   билан бадиий умумлаштирганда, замон ва унинг аҳлига муносабат билдирганда, баҳо берганда, инсонпарварлик, халқпарварлик нуқтаи назаридан ёндашган.  

Адабий анжуман Огаҳий ижоди чуқур таҳлил қилиниши билан мазмунли бўлди.  

 

Назокат Усмонова,  

ЎзА мухбири