1846 йилнинг қиши. Хива хонлиги тахти ҳукмдорсиз қолган, мамлакат тақдири қил устида турган палла. Давлат арконлари, нуфузли уламолар ва лашкарбошилар ягона номзод – марҳум хоннинг укаси Муҳаммад Амин тўра қошига борадилар. Бироқ бўлажак ҳукмдор олий ҳокимият рамзи бўлган тож-тахтни қатъий рад этади.
Бу шунчаки шарқона камтарликмиди ёки ўткир сиёсий ҳисоб-китоб маҳсули? Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг “Жомеъ ул-воқеоти султоний” (“Султонлик воқеаларини жамловчи”) асари ушбу тарихий лаҳзани бизгача аниқ сақлаб қолган ва давлатчилик тарихимизнинг ноёб саҳифаларини очиб беради.
Муҳаммад Аминхон давридан аввалги вазият ғоят қалтис ва зиддиятли эди. Юртда парокандалик, ўзаро ишончсизлик ҳукм сурган бир пайтда, марказий ҳокимиятни мустаҳкамлай оладиган кучли, айни пайтда одил ҳукмдорга эҳтиёж сезилаётган эди. Огаҳий тасвирига кўра, халқ ва аъёнлар нажотни ёш, ғайратли ва ақл-заковат соҳиби бўлган Муҳаммад Аминда кўрдилар.
Манбада келтирилган хон ва аъёнлар ўртасидаги мулоқот юксак сиёсий маданият намунасидир. Муҳаммад Аминхон, сулолага хос анъанага кўра, ҳокимиятнинг ўткинчи эканини, дунё матоси учун масъулият олиш оғирлигини ва бунинг охиратдаги жавобгарлигини рўкач қилади. “Ҳимматимнинг лойиқи эрмас жаҳон”, дея у дунёвий шон-шуҳратга қизиқмаслигини билдиради. Аъёнлар эса унга таъсирчан ва мантиқий ривоят билан жавоб қайтарадилар. Уларнинг далилига кўра, адолат билан бир зулмкорнинг додини бериш етмиш бир марта пиёда бажарилган ҳаж зиёратидан афзалроқдир.
Ушбу музокаралардан сўнг, халқнинг талаби ва уламоларнинг фатвоси билан Муҳаммад Аминхон 1846 йилда тахтга ўтиради. Жулус маросимидан сўнг, хон ўзини нафақат тақводор шахс, балки моҳир саркарда ва қатъиятли ислоҳотчи сифатида намоён этди. Бухоро амири Насруллонинг Хоразмга қилган тажовузи Қоракўл атрофида қайтарилиб, душман қўшинлари тор-мор келтирилди. Бу ғалаба хонликнинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолишда муҳим бурилиш нуқтаси бўлди ва янги ҳукмдорнинг ҳарбий салоҳиятини намойиш этди.
Ички сиёсатда ҳам қатъий тартиб ва адолат мезонлари ўрнатилди. Огаҳий ўз асарида кадрлар сиёсатидаги ўзгаришларни алоҳида қайд этади. Масалан, ўз вазифасини эплай олмаган, ноқобил Абдураҳмон ясовулбоши лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнига ишбилармон ва лаёқатли Маҳмуд Ниёзбой тайинланди. Хонлик ҳудудларида хавфсизликни таъминлаш мақсадида қароқчилик ва босқинчиликка қарши аёвсиз кураш олиб борилди. Хусусан, Тажан ҳудудида карвонларга ҳужум қилган қароқчиларнинг йўқ қилиниши савдо йўллари хавфсизлигини таъминлади.
Хоннинг ов баҳонасида юрт кезиши эса аслида ҳудудлар назорати, элатларнинг кайфиятини ўрганиш ва чегаралар мустаҳкамлигини текширишнинг ўзига хос усули эди. Ҳар бир ҳудудга ташриф чоғида оддий фуқаролар, бева-бечоралар ва мазлумларнинг арзи тингланган. Манбада таъкидланишича, хон Зий мавзеси, Оқтўпа ва Кўҳна Урганч каби жойларда тўхтаб, халқ билан бевосита мулоқот қилган. Шайх Нажмиддин Кубро каби улуғ авлиёлар мақбаралари зиёрат қилиниб, маънавий қадриятларга ҳурмат кўрсатилган.
Муҳаммад Аминхон даврида миллий анъаналар ва спорт ўйинларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Наврўз айёмида ташкил этилган паҳлавонлар кураши тасвири Огаҳий қаламида жонли ифодаланади. “Шер киби зўр ила чангал уруб” майдонга тушган полвонлар беллашуви нафақат томоша, балки йигитларнинг жанговар руҳини ва жисмоний тобланишини таъминловчи муҳим восита бўлган. Бундай тадбирлар халқ билан ҳокимият ўртасидаги уйғунликни таъминлашга, жамиятда кўтаринки кайфият пайдо қилишга хизмат қилган.
Муҳаммад Ризо Огаҳий қолдирган ушбу битиклар шунчаки қуруқ тарих эмас, балки давлатчиликнинг бир саҳифасидир. Ундаги воқеалар тизими ўзбек халқининг бошқарув анъаналари нақадар теран илдизларга эга эканини, раҳбарлик – бу имтиёз эмас, балки оғир масъулият эканини кўрсатади. Адолат, мардлик ва халқпарварлик тамойилларига асосланган сиёсат ҳар қандай даврда ҳам давлат барқарорлигининг ва эл фаровонлигининг асосий кафолати бўлиб хизмат қилади.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА