Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғофуржон Мирзаев: Биз раҳбарлар камтарона ва ихчам тўй маросимларини ўтказиб, шахсий намуна бўлишимиз керак
18:17 / 2019-09-19

Сирдарё вилояти ҳокимлигида Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.


Сирдарё вилояти ҳокимлигида Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери, сенатор ва депутатлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, мутасадди ташкилот ва корхона раҳбарлари, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Сессияда депутатлар томонидан дастлаб вилоятда хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларни янада такомиллаштириш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди.

4.jpg

Сессияда тадбиркорлик субъекти вакилларининг таклиф ва муаммолари ҳам эшитилди. “Шарқ текс” МЧЖ раҳбари Умид Маликов тадбиркорлик фаолиятида айланма маблағлари борасида банк кредитини олиш билан боғлиқ муаммоси борлигини айтди. Кредит масаласи ҳал этилса ишлаб чиқариш суръатини кескин ошириши, маҳсулотларини шу ойдан бошлаб четга экспорт қилиш имкони борлигини билдирди. Сессия мажлисида тадбиркорнинг фаолияти учун зарур бўладиган айланма маблағ учун кредит ажратиш масаласи Ҳамкорбанк орқали ижобий ҳал этилди.

Шунингдек, сессияда билдирилган таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, туман, шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари тегишли ҳудудларда фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектлари билан тизимли ишлаб, жойларга чиққан ҳолда уларнинг муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдам бериш ишларини ташкил қилиш бўйича қарор қабул қилинди.

10.jpg

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори ижросини таъминлаш юзасидан қарор қабул қилинди.

– Агар, жамиятимизнинг ушбу ўткир масаласига чуқурроқ эътибор берсак, ҳақиқат янада ойдинлашади, – деди вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев сессия кун тартибидаги ушбу масалага алоҳида эътибор бериб. – Тўйлар ва бошқа маросимларда меъёридан ортиқ дабдаба, исрофгарчиликка йўл қўйиш каби ҳолатлар давом этаётгани ҳеч кимга сир эмас. Биргина тўй ўтказишдан кўплаб муаммолар келиб чиқмоқда. Жумладан, бошдан-оёқ қарзга ботиш, қарзни тўлаш учун четга ишга кетиш, оилавий келишмовчиликлар, ажралишлар ва бошқа кўплаб салбий ҳолатларни келтириш мумкин.

13.jpg

Буюк мутафаккир бобомиз ҳазрат Алишер Навоий, “Исроф ўринсиз ва фойдасиз ишларга пул ва мол сарф қилишдир. Қўлда бўлган пул ва молни керакли жойларга сарф эта билиш, яхши идора қилиш учун исрофдан сақланиш лозим” дея таъкидлаган. Шундан келиб чиққан ҳолда олдимизда бир қатор муҳим вазифаларни ижро қилишимиз керак. Бунинг учун, энг аввало, биз раҳбарлар камтарона ва ихчам тўй маросимларини ўтказиб, шахсий намуна бўлсак шундагина халқ ишонади, деди вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев.

Халқ депутатлари вилоят сессиясида “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш бўйича чора-тадбирлар дастури ҳамда Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш бўйича комиссия таркиби тасдиқланди.

Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов, Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев сўзга чиқди.