Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Офтальмологияда инновацион технологиялар
20:58 / 2025-05-16

Инсон учун инъом этилган энг бебаҳо неъматлардан бири бу – кўзлардир. Улар орқали дунёни таниш, рангларни ажратиш, ҳаёт фалсафасини англаш мумкин.

Глаукомани даволашда замонавий трендлар, кўз олд қисми патологияларини даволашда инновациялар, катаракта ва кўз орқа бўлаги касалликларини ташхислаш ва даволашда янги ёндашувлар илгари сурилган “Офтальмологияда инновацион технологиялар – 2025” иккинчи халқаро амалий конференцияси яқин ва узоқ мамлакатларнинг етакчи офтальмологлари, олимлар ва етук тиббиёт мутахассисларни бир жойга тўплади.

Тадбир Ўзбекистоннинг глобал офтальмологик кун тартибидаги ўрнининг ортиб бораётганини ҳамда мамлакатнинг офтальмологик ёрдам соҳасига юқори технологияларни тизимли жорий этиш борасидаги барқарор ҳаракатини намойиш этди. 

[gallery-23404]

– Сўнгги ўн йилликда офтальмология технологияларнинг тезкор ривожланиши туфайли жиддий ўзгаришларни бошдан кечирмоқда жумладан, лазер ва факоэмульсификация жарроҳлигидан тортиб ОКТ-ташхислаш ва орқа сегмент визуализация усулларига қадар, - деди Ўзбекистон Офтальмологлар ассоциацияси раиси Зулфия Мақсудова. – Ушбу ютуқлар айниқса, ёшга боғлиқ ва сурункали касалликлар, масалан, катаракта, глаукома, қарилик макуляр дегенерацияси, диабетик ретинопатия ва бошқалар сонининг ошиши кузатилаётган бу даврда айниқса долзарбдир, бу касалликлар кўз касалликларини даволашда тизимли ёндашувни талаб қилади. 

Конференцияда кўзнинг олд сегменти патологиясининг замонавий жиҳатлари, рефракцион бузилишларни диагностика ва даволашдаги долзарб масалалар, глаукома, болалар офтальмопатологияси, офтальмологияда инновацион диагностика ва даволаш усуллари каби мавзулар муҳокама марказида бўлди.

Россия Федерациясининг Святослав Федоров номидаги “Кўз микрожарроҳлиги” илмий маркази бош шифокори Николай Соболев ўз нутқида ушбу анжуман офтальмология соҳасидаги илғор технологиялар, замонавий диагностика усуллари ва кўз касалликларини даволашдаги инновацион ёндашувларни муҳокама қилиш учун етакчи халқаро платформага айланиши кераклигини таъкидлади. 

Қайд этиш керак, халқаро шерикликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон Офтальмологлар ассоциацияси фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Сўнгги икки йилда ассоциация томонидан Жанубий Корея, Туркия, Эрон, Россиянинг етакчи офтальмология клиникалари ва ассоциациялари билан стратегик битимлар имзоланди. Бу ҳамкорлик қўшма илмий лойиҳалар, клиник тадқиқотлар, таълим дастурлари ва профессионал тажриба алмашишни ўз ичига олади. 

Ушбу халқаро йиғин якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан соҳа мутахассисларига мурожаат қилиб, жавоблар олишди.

Муҳаррама Пирматова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА