Президентимиз Мирзо Улуғбек туманидаги инновацион клиникани бориб кўрди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишмоқда.
Давлатимиз раҳбари 21 декабрь куни Мирзо Улуғбек туманидаги “БЛ лазер оптика” МЧЖга қарашли ДМС хусусий инновацион клиникасига ташриф буюрди.
Тўрт қаватли ушбу клиника хавфсизлик, энергиятежамкорлик ва мижозлар эҳтиёжидан келиб чиқиб кўп тармоқли тиббий хизмат кўрсатиш бўйича энг замонавий талабларни ҳисобга олиб қурилган. Клиника фасади инновацион Германия технологияси асосида ишлаб чиқарилган иссиқлик ва овоз қайтарувчи изоляция материаллари билан қопланган. Бутун бинога LED технологиясига асосланган ёритиш асбоблари ўрнатилган, энергиятежамкор ускуналар барча фаслларда бир хил микроиқлимни таъминлайди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими, тиббиёт фанлари номзоди Зулфия Мақсудова раҳбарлик қилаётган клиника Россия, АҚШ, Германия, Австрия, Японияда ишлаб чиқарилган юқори технологияли тиббий ускуналар билан жиҳозланган. Шифокорларнинг барчаси Австрия, Германия, Корея, Ҳиндистон, Россия ва Япониядаги етакчи клиника ва тиббиёт марказларида таълим олиб, малака оширган.
Клиника фаолиятини йўлга қўйиш чоғида жаҳоннинг етакчи мамлакатлари томонидан соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришда қўлланилаётган инновацион технологиялар чуқур таҳлил қилинди. Натижада мамлакатимиз тиббиётида эҳтиёж юқори бўлган йўналишларни қамраб олган кўп тармоқли клиника ташкил этилди.
Жорий йил апрелда фаолият бошлаган инновацион клиникада офтальмология билан бир қаторда нейрожарроҳлик, ортопедия, пластик жарроҳлик, кардиология, ЛОР, педиатрия, реабилитация, физиотерапия каби ўн бешдан ортиқ ихтисослик бўйича ташхислаш ва даволаш йўлга қўйилган. Замонавий лаборатория диагностикаси билан таъминланган.
Маълумки, барча кўз касалликлари тана аъзоларининг ҳолатига боғлиқ бўлади. Одатда бемор офтальмолог кўригидан сўнг кардиолог, эндокринолог, невропатолог маслаҳатини олиши, УЗИ, рентген, лаборатория текширувларидан ўтиши зарур.
ДМС инновацион клиникасида буларнинг барчаси ҳисобга олинган. Беморлар энг юқори технологиялар асосида ташхисдан ўтказилиб, зарур ҳолларда бошқа мутахассислар маслаҳатини олади. Жарроҳлик амалиётлари шу ернинг ўзида бажарилади. Вилоятлар ва қўшни мамлакатлардан келган беморлар юқори қаватларда ётиб даволаниши мумкин.
Бу ерда тўр парда касалликлари ва патологик ҳолатларни контраст воситаларсиз ташхислаш имконини берадиган "Topcon" тамограф-ангеографи ўрнатилган бўлиб, микроинвазив операциялар ўтказиш учун “Constellation Vision System” аппарати келтирилган.
Бундан ташқари, клиникада сўнгги авлод артроскопи ёрдамида кам инвазивли даволаш диагностик амалиётлари олиб борилади. Бўғимларда эндопротезлаш амалиётлари, беморларга жароҳатлар ва операциялардан кейинги комплекс реабилитация хизматлари кўрсатилади.
Давлатимиз раҳбари инновацион клиникадаги шароитни кўздан кечирди, шифокорлар билан суҳбатлашди. Касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш, сифатга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
– Биз нима учун тиббиётда хусусий тармоққа шароит яратяпмиз? Рақобат бўлиши керак. Рақобат бўлса, сифатга интилиш бўлади, даволаш, хизмат кўрсатиш яхшиланади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз компьютерли биобошқарув хонасида ҳам бўлиб, бу усул орқали медикаментларсиз даволаш, руҳий ва нутқий нуқсони бор беморларни соғлом ҳаётга қайтариш мумкинлигига эътибор қаратди.
Шу ерда кўз микрожарроҳлиги бўйича инновацион ўқув-симуляция марказини ташкил этиш лойиҳаси тақдим қилинди. Ушбу марказда кўз микрожарроҳлиги мутахассисларини тайёрлашнинг жаҳон стандартларига мос инновацион услуби татбиқ этилади. Давлатимиз раҳбари лойиҳани маъқуллаб, кадрлар малакасини оширишга хизмат қиладиган бундай симулияцион марказларни тиббиётнинг бошқа йўналишлари ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.