Ғофиржон Мирзаев: кўринмас душман билан жангда бефарқлигимизни енгсак, ғалаба қозонишимиз муқаррар
Сирдарё вилояти ҳокими иштирокида бўлиб ўтган брифингда, Ғофиржон Мирзаев вилоят аҳолисига мурожаат қилди.
Сирдарё вилояти ҳокими иштирокида бўлиб ўтган брифингда, Ғофиржон Мирзаев вилоят аҳолисига мурожаат қилди.
Брифинг аввалида вилоят ҳокими коронавирус пандемияси билан касалланиш ҳолатлари, ҳудудда инфекциянинг тарқалишини олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот берди.
Сўнгра Ғофиржон Мирзаев вилоят аҳолисига мурожаат қилиб, коронавирус балоси кейинги кунларда вилоятда авж олиб бораётганлиги барчани ташвишга солаётганини, Давлатимиз раҳбари томонидан касаллик манбаини жиловлаш бўйича олиб борилаётган кескин чора-тадбирлар белгиланишига қарамасдан фуқароларнинг карантин қоидаларига риоя қилинмаслиги касалликни авж олишига сабаб бўлаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Пандемия сабабли карантин бошлангандан буён Сирдарёда 385 нафар фуқароларда касаллик аниқланган бўлиб, шундан 140 нафари «Гулистон» чегара постидан ўтган халқаро юк ташувчилар ҳамда чет давлатлардан келган фуқаролар бўлса, қолган 245 нафари вилоятда истиқомат қилувчи фуқаролардир.
Карантин жараёни жорий этилгандан буён 194 нафар фуқаро тўлиқ соғломлаштирилган. Айни пайтда, 190 нафар фуқаро даволанаётган бўлса, улардан 57 нафари стационар шароитида, қолган 133 нафари эса уй шароитида тиббий назоратга олинган. 31 нафар беморда пневмония ҳолати аниқланган бўлиб, биронта бемор сунъий нафас олиш аппаратларига уланмаган. Маълумотларга кўра, 22 нафар уй шароитида даволанган фуқаро олинган таҳлил натижаларига кўра тўлиқ соғломлаштирилган.
Ҳар бир рақам ортида инсон ҳаёти ётибди, минг афсуски, Гулистон туманида яшаган, кўп йиллар тиббиёт тизимида самарали меҳнат қилган инсон айнан коронавирус инфекциясини юқтириб олганлиги сабабли вафот этди. У кишининг яқинларига таъзиямизни изҳор қилган ҳолда одамларимизни яна бир бор ҳушёрликка чақирамиз, дея таъкидлади вилоят ҳокими ўз мурожаатномасида.
«Шифокорларимизнинг тажрибаси ошиб бораётгани, ижтимоий тармоқлар орқали соғайиб чиқаётган фуқароларимиз тўғрисида аниқ маълумотлар бериб борилаётгани, буларнинг барчаси яхши, албатта. Лекин, булардан ҳеч биримизни хотиржам бўлишга ҳаққимиз йўқ. Сўнгги 3 кун ичида вилоятда 124 ҳолатда инфекция юқтириб олган фуқароларимиз борлиги тасдиқланди. Вилоятдаги санитария эпидемиологик вазият мураккаб бўлиб қолмоқда. Эътибор беринг, вилоятимизда 224 та маҳалла бўлса, шундан 97 тасида касаллик аниқланган. Ана шунинг ўзи касалликнинг қанчалик орамизга чуқур кириб олганини, яқинларимиз соғлигига таъсир кўрсатаётганлигини англаш учун етарли бўлса керак», деди Ғ.Мирзаев вилоят аҳолисига қилган мурожаатида.
Шу ўринда вилоят ҳокимлиги ҳамда тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан зарур чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Жумладан, вилоятда 3 минг кишилик захира ўринлари шакллантирилди, дори-дармон учун 3 миллиард сўм маблағ ажратилди, вилоят шошилинч тез тиббий ёрдам маркази учун қўшимча 14 та автомашина харид қилинди. «Колл-марказ» ишга туширилди, телефон алоқаси мавжуд бўлмаган 55 та қишлоқ врачлик пунктларида телефон алоқаси ўрнатилди.
Ички ишлар, фавқулодда вазиятлар бошқармалари, Миллий гвардия хизматчилари туну кун кучайтирилган тартибда хизматларини олиб бормоқда, ИИБ ва Миллий гвардия ҳамкорлигидаги рейд тадбирлари давомида бир кунда 389, тадбир бошидан буён 1 минг 857 ҳолатда карантин қоидалари бузилганлиги аниқланган.
Шунингдек, 1 минг 204 та автотранспорт воситасида ҳаракатланиш қоидалари бузилганлиги аниқланиб, 222 та автотранспорт воситаси жарима майдонига олиб бориб қўйилган.
Туман ва шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари ходимлари томонидан ўтказилган тадбирлар натижасида эса кўплаб огоҳлантиришларга қармай, 3 минг 145 киши инфекцияга чалинган шахслар билан мулоқотга киришгани аниқланиб, улар зудлик билан назоратга олинган.
Шунингдек, вилоят ҳокими ўз мурожаатида, аҳолидан ваҳимага тушмасликни, иситма кўтарилгани, бу коронавирус дегани эмаслигини, айрим фуқаролар уй шароитида ўзини ўзи даволашга ўтганлиги ва натижада дард ривожланиб пневмония даражасига ўтиб кетаётганлигини, диагнозни фақат ва фақат шифокор қўйишга ҳақли эканини, шифокорга мурожаат қилиш шарт ва фуқароларнинг ҳеч бир мурожаати эътиборсиз қолмаслигини ва ҳар бир мурожаат вилоят ҳокимлигининг қатъий назоратига олинганини алоҳида таъкидлади.
– Бугун вазият анча қалтис ва барча давлат идоралари оёққа турган. Шундай бир вазиятда, Сизлардан бир илтимосимиз ва талабимиз бор: карантин қоидаларига риоя қилинг, ниқобсиз, ҳеч қандай сабабларсиз кўчага чиқманг, мулоқот давомида ижтимоий масофани сақланг. Карантин жорий этилгандан буён бир ҳақиқатни барчамиз англаб етдик, деб ўйлайман. Ўзимизни, оиламизни, фарзандларимиз соғлиги учун аввало ўзимиз масъулмиз. Ҳар бир инсоннинг ҳаёти биз учун олий қадрият. Бир нарсани тўғри тушунинг, бугун касаллик билан ҳақиқий жанг кетмоқда. Кўзга кўринмас душман билан жангда ғалаба қозонишнинг бирдан-бир олтин қоидаси – аввало, ҳар биримиз ўзимиздаги бефарқликни енгишимиз шарт, ана шунда ғалаба қозонишимиз муқаррар – деди Сирдарё вилояти ҳокими Ғофиржон Мирзаев ўз мурожаатномасида.