Футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси жорий йилнинг 27 январь — 7 февраль кунлари Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида бўлиб ўтадиган "Осиё кубоги–2026" финал босқичи мусобақасида иштирок этади.
Мусобақа олдидан бугун Ўзбекистон футзал федерацияси (ЎФФ) президенти Бекзод Маматқулов миллий терма жамоа аъзолари билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида ЎФФ раҳбари йил бошида қўлга киритиладиган ютуқлар бутун мавсум давомида футбол жамоатчилигига кўтаринки кайфият бағишлашини қайд этар экан, футзалчиларни ижобий натижа йўлида бор куч ва маҳоратларини сафарбар этишга чақирди.

—Сизларнинг ҳар бир ҳаракатингиз, ҳар бир голингиз ортида миллионлаб инсонларнинг умиди ва орзуси бор. Биз сизларга ишонамиз. Сизлар нафақат ғалаба учун, балки миллат ифтихори учун майдонга тушишингиз, олдингизга қўйилган вазифани шараф билан адо этишингиз лозим, — деди Бекзод Маматқулов.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Нодир Элибоев жамоа Осиё кубоги финал босқичи баҳсларига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, футзалчилар айни пайтда ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан юқори спорт формасида бўлиб, жамоа бирдамлик ва интизом асосида ҳаракат қилмоқда.

Йиғилиш якунида Ўзбекистон футбол фахрийлари Кенгаши раиси Раҳмиддин Зикрияев ҳамда ЎФФ президенти маслаҳатчиси Аваз Азизхўжаев сўзга чиқиб, ҳар бир футболчининг ортида Ватан шаъни ва халқ ишончи турганини алоҳида таъкидлади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА