ФОТОРЕПОРТАЖ
Миллий футбол марказида Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конгресси ҳамда 2025 йил футбол лауреатларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ассоциациянинг ўтган йилдаги фаолияти сарҳисоб қилиниб, амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар муҳокама этилди. Шунингдек, 2025 йилда энг яхши натижаларни қайд этган соҳа вакиллари аниқланди.
Тадбирда Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Конгрессда Ассоциация сайлов қўмитаси қарорига мувофиқ, Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбонов Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти, Равшан Эрматов биринчи вице-президент, Одил Аҳмедов эса ЎФА вице-президенти лавозимига қайта сайлангани маълум қилинди. Шунингдек, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов ЎФА Ижроия қўмитаси аъзолигига сайланди.
Шу билан бирга, 2025 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот тингланиб, Ассоциациянинг қатор бўлимлари таркиби шакллантирилди.
Конгрессда Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Баҳодир Қурбонов соҳани рақамлаштириш, шаффофликни таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
[gallery-27385]
Тадбир якунида ўзбек футболининг 2025 йил лауреатлари тақдирланди:
— Йилнинг энг яхши футболчиси: Элдор Шомуродов;
— Йилнинг энг яхши аёл футболчиси: Диёра Ҳабибуллаева;
— Йилнинг энг яхши ҳаками: Илгиз Танташев;
— Йилнинг энг яхши аёл ҳаками: Насибабону Тошмуҳамедова;
— Болалар футболи бўйича йилнинг энг яхши мураббийи: Юсуф Эргашев;
— Йилнинг энг яхши мураббийи: Тимур Кападзе;
— Аёллар олий лигасининг энг яхши футболчиси: Нилуфар Қудратова;
— Аёллар футболи бўйича йилнинг энг яхши мураббийи: Владислав Хан;
— Йилнинг энг яхши ёш футболчиси: Садриддин Ҳасанов;
— Аёллар олий лигаси тўпурари: Диёра Ҳабибуллаева;
— Йилнинг энг яхши ҳудудий футбол ассоциацияси: Қорақалпоғистон Республикаси.
Қайд этилишича, мазкур эътироф мамлакатда футболни янада ривожлантириш, ёш авлодни спортга жалб этиш ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий самараси сифатида аҳамият касб этади.
Камола Юсупова, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА