English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Одри Азуле: Самарқанд саммити маданиятларни яқинлаштириш, ШҲТга аъзо давлатлар халқларининг анъана ва урф-одатлари ҳақидаги маълумотлар ва билимларни тарқатишга ҳам хизмат қилади
12:13 / 2022-09-14

ЮНEСКО бош директори Одри Азуле Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) билан ҳамкорлик мақсадлари ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди.

– Асрлар давомида одамлар Самарқандга “Минглаб юлдузлар шаҳзодаси - Мирзо Улуғбек руҳи” шароитида илм ўрганиш, савдо-сотиқ билан шуғулланиш, фикр алмашиш учун талпиниб келган. Бу ерда кўплаб миллат, маданият ва дин вакиллари яшаган, буюк ва бетакрор интеллектуал ва моддий бойликлар маскан топган.

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Самарқанд руҳи» – ҳамкорлик, ўзаро англашув ва дўстлик ифодасидир. Самарқанд бугунги кунда ҳам ана шу умумбашарий даъватни ўзида мужассамлаштирмоқда. Шаҳарни ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилгани буни яна бир бор тасдиқлаб турибди. Самарқанднинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити ўтказиладиган жой сифатида танланишида, шубҳасиз, айнан мана шу омил ҳам бор.

Ишончим комилки, навбатдаги саммит минтақавий ҳамкорлик ва ўзаро англашувни янада кенгайтириш, маданиятларни яқинлаштириш ва бойитиш, шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар халқларининг анъана ва урф-одатлари ҳақидаги маълумотлар ва билимларни тарқатишга ҳам хизмат қилади.

Шу мақсадда ЮНEСКО ШҲТ билан маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга интилмоқда. Стратегик шерикликка содиқ бўлган ЮНEСКО ва ШҲТ келгуси беш йилга мўлжалланган Ҳамкорлик тўғрисида янги битим тузиш устида ишламоқда.

Навбатдаги саммит ҳам ҳамкорликнинг янги механизмининг расман ишга туширилганидан далолат беради. Бу ташкилотларимиз ўртасидаги маданий алмашинувларни кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, ЮНEСКО ва ШҲТ бошқа йирик минтақавий иштирокчилар билан ишлаш орқали янада кенгайтириш мумкин бўлган ҳамкорликнинг муҳим босқичидир.

Ишончимиз комилки, ЮНEСКО ва ШҲТ биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан барча мамлакатлар ва кўплаб минтақалар халқлари фаровонлиги йўлида аниқ натижаларга эришади.

 

ЎзА