Сўнгги пайтларда фойдаланилган транспорт воситаларининг одометр кўрсаткичини сохталаштириш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Оқибатда автомобилнинг янги эгаси машина ҳақида нотўғри маълумотларга эга бўлади ва бу қўшимча техник хизмат кўрсатиш, баъзи эҳтиёт қисмларининг алмаштирилишини кечиктиради. Натижада бу ҳолат мулкдор ва йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчилари ҳаёти, соғлигини хавф остига қўймоқда.
Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси билан автотранспорт воситасининг босиб ўтган масофасини кўрсатувчи одометр ускунаси кўрсаткичлари ўзгартирилгани ёки одометр ускунаси алмаштирилганини била туриб, автотранспорт воситасини реализация қилишдан олдин харидорга бу ҳақда маълум қилмаслик учун жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.

Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида мазкур қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.

Фракция аъзоси Шаҳноза Жолдасова ушбу қонун лойиҳаси биринчи ўқиш жараёнида қизғин муҳокама қилиниб, фракция аъзолари томонидан бир қатор таклифлар илгари сурилгани ва уларнинг айримлари эътиборга олиниб, қонун лойиҳаси янада такомиллаштирилганини маълум қилди.

Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА