Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Одоб-ахлоқ кодекси лойиҳаси: ҳалоллик, бағрикенглик, инсонпарварликнинг сиёсий талқини
13:48 / 2021-12-12

Инсон манфаати ҳар нарсадан устунлигини таъминлаш Янги Ўзбекистон стратегиясининг бош мақсадидир.

 Шу боис, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг инсон манфаатларини таъминлаш бўйича илгари сурган таклифлари барчамизни мутлақо янгича дунёқараш, амалий ҳаракатлар сари ундамоқда.

Давлатимиз раҳбари ҳар гал чиқишларида коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши лозимлигини қайта ва қайта таъкидламоқда. Ушбу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим. Шундагина биз ўз миллий қадриятларимиз асосида янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз. 

 Коррупция мураккаб ижтимоий ҳодиса бўлиб, унга қарши курашишда давлат ва жамиятнинг ўзаро жипслиги талаб этилади. Агар ҳар бир оила, ҳар бир ота-она ҳалол нон билан оиласини тебратса, бу  бутун оила аъзолари қадриятига айланса, ўсиб келаётган ёшларимизда болалик давридан бошлаб ҳалол меҳнат ва тадбиркорлик орқали даромад топишга замин бўлади. Зеро, азалдан халқимиз дарвозасига қулф осмаган, деворини баланд кўтармаган, ўзганинг ҳаққига хиёнат қилмаганлигини унутмаслигимиз зарур. Шу учун ҳам бу заминдан буюк инсонлар, Бухорийлар, Ибн Сино, Берунийлар етишиб чиққан.

 Қувонарли томони шундаки, бугунги кунда давлат сиёсати даражасида коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга  қарши кескин чоралар бошланган. Яна бир муҳим жиҳат, ушбу  кунларда  коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаларидан бири инсоннинг одоб-ахлоқ қоидалари, ҳар бир фуқаронинг, айниқса, давлат хизматчисининг маънавий фазилатларига алоҳида аҳамият берган Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани эътиборга лойиқдир.

 Ҳуқуқшунос сифатида шуни қайд этишни истар эдимки, йиллар давомида “Сиёсий ва ҳуқуқий таълимотлар  тарихи” фанида давлат бошқарувида давлат хизматчиларига қўйилган талабларни талабаларимга ўтардим. Мана бугун қўлимда муҳокамага қўйилган “Одоб-ахлоқ кодекси лойиҳаси”  бўлиб, унда  6 та боб ва 53 та моддани ўқиб турибман. Кодекснинг 1-моддасида унинг мақсадлари белгиланган бўлиб,  давлат хизматчиларининг касбий фаолиятини амалга оширишлари учун умумий одоб-ахлоқ нормалари ва қоидаларини белгилаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга сабаб бўлган шарт-шароитларни бартараф этиш, давлат хизматчиларини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига қатъий амал қилиш руҳида тарбиялашга қаратилган.  Шунингдек, кодекснинг асосий вазифалари 2-моддада қуйидагича, яъни давлат хизматчиларининг фаолиятига оид касбий мажбуриятлар, хизмат ва хизматдан ташқарида бўлган одоб-ахлоқ нормалари ва қоидаларини белгилаш, мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этишга доир чораларни амалга ошириш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборатлиги қайд этилган.

 Давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқига оид қонунчилик ҳужжатлари эса  Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан, ушбу кодексдан ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатлиги ҳам лойиҳада кўрсатилган. Албатта, фуқароларимизни қизиқтирадиган саволлардан бири – кодекснинг қўлланишидир. Мазкур масала  4-моддада кўрсатилганидек, кодекс давлат хизматларидаги фаолиятнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, барча давлат хизматчиларига нисбатан қўлланилади ҳамда давлат ташкилотларидаги техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар, агарда уларнинг меҳнат шартномаларида (контрактда) ёки ички хизмат уставларида бошқача шартлар назарда тутилмаган бўлса, давлат иштирокидаги ташкилотлари ходимларига насбатан мазкур кодекс татбиқ этилмаслиги белгиланган.

Энди кўпчиликни қизиқтирадиган саволлар кодекснинг 5-моддасида ўз ифодасини топган. Жумладан,  давлат ташкилоти деганда  – оммавий манфаатлар йўлида белгиланган вазифа ва функцияларни бажаришга мўлжалланган ҳамда фойда олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган давлат тасарруфидаги ташкилот тушунилади. Давлат хизматчиси  ким деган саволга эса давлат хизматчиси бу – доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган ёки сайланадиган шахс ҳамда меҳнат шартнома (контракт) асосида фаолиятни амалга оширувчи бошқарув ходими назарда тутилган.

 Давлат сиёсий хизмати – ички ва ташқи сиёсатни белгилаш ҳамда сиёсий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ давлат ҳокимияти вакиллик органига сайланадиган ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг номенклатурасига кирадиган лавозимларга юклатилган вазифа ва функцияларни амалга оширишга қаратилган ҳамда ҳақ тўланадиган касбий хизмат фаолияти бўлган давлат хизматининг бир тури дейилган.

 Энг асосийси, давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқи – давлат хизматчилари эгаллаб турган давлат лавозимидан қатъий назар риоя қилиши шарт бўлган касбий хизмат одоб-ахлоқ нормалари, принциплари ва қоидалари ҳамда хулқ-атворларнинг умумий йиғиндиси каби тушунчаларга ойдиклик киритилган. Демак, мазкур моддада меҳмондўстлик белгилари, манфаатлар тўқнашуви, маҳаллийчилик, совға,  таъқиб қилиш, таниш-билишчилик, фаворитизм, яъни давлат хизматчиси томонидан бир шахс ёки бир гуруҳ шахслар манфаатларини бошқа шахс ва (ёки) шахслар гуруҳи манфаатларидан устун қўйиш ҳолатига тушунчалар берилган.

 Албатта, бунда давлат хизмати  – Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик, ижро етувчи, суд ҳокимияти ва давлат назорати, шунингдек, давлат мудофаасини амалга оширувчи давлат ташкилотларининг сайланадиган ёки тайинланадиган лавозимларда хизмат фаолиятини амалга ошириш давлат хизмати ҳисобланиши ҳақидаги  кодексда биринчи бор давлат хизматчиси тушунчасига таъриф берилмоқда. Кодекс билан давлат хизматининг  уч тури: давлат сиёсий хизмати, давлат фуқаролик хизмати, давлат махсус хизмати каби турлари 6-моддада қайд этилган.  

 Аҳамиятлиси, азалдан қонимиздаги ҳалоллик, бағрикенглик, инсонпарварлик каби фазилатларимиз  билан янги стратегияни амалга оширишда  лойиҳадаги муҳим масалалар, яъни давлат хизматчиси фаолиятига қўйиладиган чекловлар: биринчидан, сиёсий партиялар, жамоат бирлашмаларига аъзо бўлиш тартиби белгиланган. Иккинчидан, раҳбар ходимларнинг одоб-ахлоқ мажбуриятлари, хизматдан ташқарида бўлган одоб-ахлоқ нормалари, ташқи кўринишига оид талаблар, шунингдек, чет эл ва ҳудудий хизмат сафарларида ўзини тутиши ҳамда касбий фаолият давомида ўзига маълум бўлган ахборот ва шахсга доир маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш масалалари кўрсатилган.

 Яна бир муҳим томони бу бугунги кунда ўта долзарб бўлган масала яъни, давлат хизматчисининг ОАВ билан муносабатига ҳам эътибор берилганидир.  Албатта, кодекснинг муҳим томони 22-моддасида қайд этилганидек, “Давлат хизматчисининг ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда фуқаролар, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зарар етказиш орқали шахсий фойдани олиши мумкин эмаслиги ҳамда давлат хизматчиси ўз мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиши фуқаролар, жамият ёки давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зарар етказган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиш масалалари ҳам қайд этилганидадир.

  Ушбу кодекс Ўзбекистонда янги муҳим тарихий босқични бошлаб беради. Халқимизда ҳаллоллик, тўғрилик, очиқлик ҳукм сурган  янги Ўзбекистоннинг энг катта ютуғи бўлади.

Феруза МУҲИДДИНОВА,
Тошкент давлат юридик университети профессори.