Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Одилжон Зокиров: “Юз ёшга кирсам, ош қилиб бераман, деб ният қилардим”
12:21 / 2022-05-06

Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинида бир хонадон бор.

Бу ерда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Одилжон ота Зокиров истиқомат қилади. Хонадон доимо отахон билан суҳбатлашиш ва дуосини олиш ниятида бўлганлар билан гавжум. Она юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигини асраш учун мардлик ва жасорат кўрсатган боболаримиз хотирасини эъзозлаш, нуронийларни қадрлаш халқимизга хос эзгу фазилатлардан. 

Мамлакатимизда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш янгича маъно-мазмун билан бойиди. Бу жиҳатлар айни кунларда мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб ўтказилаётган тадбирларда яққол намоён бўлаётир. Фарғона вилоятида ҳам бугунги кунда бу борада аниқ тадбирлар белгиланган. 28 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари доимо эъзозда. Айни кунларда шаҳар ва туманларда уларнинг хонадонида бўлиниб, ҳолидан хабар олинмоқда. 

Ота урушда ярадор бўлди, шундай бўлсада умидини узмади. Мардлик ва жасорат кўрсатди. Урушдан қайтгач, узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳалол меҳнат қилди. Ўн нафар фарзандни тарбиялади. Шу фараҳбахш кунларда икки аср билан юзлашган бу инсон набираю эвара ҳамда чевараларининг шўх-шодон кулгисини кўриб, қарилик гаштини сурмоқда. 2017 йилда ҳаж зиёратини адо қилди. Шукурки, жорий йил 17 февраль куни отахон 100 ёшни қаршилади ва ўз ниятига етди. Дастурхон ёзиб, элга ош берди. 

Давлат солиқ қўмитаси ва Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси раҳбарияти Одилжон ота Зокиров хонадонида бўлиб 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан муборакбод этди. 

– Икки йил олдин сал мазам бўлмади, – дейди отахон. – Худога шукр, ҳозир анча яхшиман. Шифокорлар доим хабар олиб туради. Тақдиримдан миннатдорман. Президентимиз биз, кексаларга доим ғамхўрлик кўрсатиб, мукофотлар билан сийлайди. Юртбошимизнинг ўзи эъзозлаб, қадрлаб турган бўлса, эл-юрт, фарзандларинг ардоқласа, бундай юртни яна қаердан топасан. Мамлакатимизда Одилжон ота сингари донишманд нуронийлар кўп. Улар билан гурунглашиб тўймайсан киши. Чунки бундай мулоқотларда файз бор, шукрона зоҳир, бугунги улуғ бунёдкорлик амалларидан фахрланиш туйғуси мужассам.

М.Сулаймонов, ЎзА