8 май куни Ўзбекистон Республикаси умумхалқ референдуми якунларига бағишланган йиғилишда иштирок этган сенатор Одилжон ИМИНОВ Бош қомусимизда ифодаланган муҳим моддалар мазмунига тўхталди:
– Давлатимиз раҳбари янги таҳрирдаги Конституциянинг муқаддима қисмида киритилган “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” масаласига алоҳида эътибор қаратдилар. Дарҳақиқат, янгиланган Конституцияда жуда муҳим ижтимоий масалалар ўз аксини топган.
Жумладан, қомусимизда алоҳида модда сифатида киритилган таълим соҳаси жамиятимиздаги энг долзарб, ислоҳотлар талаб этадиган йўналишлардан бири ҳисобланади. Биринчи навбатда ўқитувчилар мақомини кўтариш, уларнинг қадр-қимматини юксакга олиб чиқиш Конституцияда ифодасини топмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ZP_hEML3438" title="Одилжон Иминов" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Устоз-мураббийлар қадрланган давлатда, биринчи ўринда, ёш авлодни етук кадр, халқ хизматчиси қилиб тарбиялашга замин яратилади. Ўқитувчилар вазифаси баркамол авлодни тарбиялаш билан бирга, миллий қадриятларимиз, анъанларимизни авлоддан-авлодга олиб ўтувчи мутахассислар тайёрлаш. Шу боис, уларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги қонун билан мустаҳкамланмоқда.
Қайд этиш керак, янги таҳрирдаги Конституцияда олий таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилган. Масалан, олий таълим муассасалари мустақиллиги, академик ва молиявий мустақиллик, уларнинг ўқув дастурларини белгилаш масалалари, қолаверса, фуқароларимиз танлов асосида давлат ҳисобидан таълим олиши мумкинлиги тўғридан-тўғри белгилаб қўйилди.
Ўйлаймизки, ушбу моддаларнинг киритилгани келгусида таълим сифатини янада оширишга хизмат қилади.
ЎзА мухбири Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ ёзиб олди.